Yangiliklar

TTA hujjatlari

Odob-ahloq kodeksi

odob-ahloq-qoidalari-kodeksi (.pdf)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ

ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИДА

ПРОФЕССОР – ЎҚИТУВЧИЛАР ЖАМОАСИ ВА ТАЛАБАЛАРНИНГ ИЧКИ ТАРТИБГА РИОЯ ҚИЛИШ ХАҚИДАГИ ОДОБ — АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ КОДЕКСИ

ТОШКЕНТ

 

1-бўлим. Умумий қоидалар

1.1. Ушбу Кодекс Тошкент тиббиёт академиясининг профессор ўқитувчилар жамоаси ва талабаларига мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Олий ва Ўрта махсус таълим вазириги томонидан  тасдиқланган “ Олий таълим муассасаларида одоб ахлоқ қоидалари” , ТТАнинг Устави, ички тартиб қоидалари ҳамда умум эътироф этилган маънавий ва ахлоқий тамойиллар асосида ишлаб чиқилган.

“Қоидалар” ишлаб чиқилишида Ўзбекистон Республикаси таълимга оид қонун ҳужжатларида фуқароларга таълим — тарбия бериш, касб — ҳунар ўргатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилашга ҳамда ҳар кимнинг билим олишдан иборат конституциявий ҳуқуқини таъминлашга, таълим олувчиларни маънавий-аҳлоқий тарбиялашнинг ва маърифий ишларнинг самарали шакллари ҳамда услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга қаратилганлиги сабабли ТТАнинг асосий функцияси таълим ва тарбия беришдан иборат эканлиги назарда тутилган.

1.2. Ушбу кодекс ТТА Илмий кенгаши томонидан тасдиқланган, кучга кирган ва унга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилиб, Илмий кенгаш қарорига биноан амалга оширилмокда. (Илмий кегаш Баённомаси №)

1.3. Ушбу “Қоидалар” ТТАнинг маъмурияти, профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари (жамоа аъзолари)нинг ТТАга оид ўзаро муносабатларидаги одоб-ахлоқ тамойиллари, риоя этишлари шарт бўлган хулқ-атвор қоидалари ва мажбуриятларини белгилаб берган.

1.4 Кодексдаги “Қоидалар”га риоя қилиш ТТА жамоа аъзоларининг барчаси учун мажбурийдир.

1.5. Талабаликка ва ишга қабул қилинаётган ҳар бир шахс ушбу кодексдаги“Қоидалар” билан танишиб чиқиши ҳамда унга риоя қилишини ўз зиммасига олиб имзо қўйиши шарт.

1.6. ТТА жамоат, давлат ва нодавлат ташкилотлари, таълим ва илмий муассасалар, тадбиркорлик субъектлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда талабаларнинг ота-оналари билан ўзаро муносабатларда кодекснинг“Қоидалар”даги кўрсатмаларига риоя этилишидан манфаатдордир.

 

2-бўлим. Мақсад ва вазифалар

 

2.1. Ушбу кодексдаги “Қоидалар”нинг  мақсади ТТАда соғлом маънавий ва ижтимоий-психологик муҳитни шакллантириш, унинг нуфузи ҳамда обрў-эътиборини асраб-авайлаш, юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берувчи юқори малакали шифокор кадрларни тайёрлашга кўмаклашиш, ТТАнинг жамиятдаги ҳамда таълим тизимидаги нуфузини янада оширишдир.

2.2. Кодексдаги “Қоидалар”нинг асосий вазифалари:

— юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, жамият, давлат ва оила олдида ўз маьсулиятини ҳис этадиган, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини тўғри англайдиган, ватанпарвар ва халқпарвар, ташаббускор ва тадбиркор, замонавий билимлар билан қуролланган ҳамда юксак инсоний фазилатларга эга бўлган иродаси бақувват, иймони бутун ва виждони уйғоқ шифокор мутахассисларни тайёрлаш;

— ТТА жамоа аъзоларининг маънавий иммунитетини шакллантириш, сақлаш ва ҳимоя қилиш;

— ёшлар орасида одоб — ахлоқни бузишга, шу жумладан зўравонлик, ҳаёсизлик ва шафқатсизликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти -ҳаракатларнинг олдини олиш, жумладан, ёшларни ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик иллатларидан, бошқа турли ҳалокатли таҳдидлар ҳамда биз учун ёт бўлган диний ва экстремистик таъсирлардан, тубан “оммавий маданият” хуружларидан ҳимоя қилишга кўмаклашишдан иборат.

 

3-бўлим. Жамоа аъзоларининг одоб-ахлоқига оид умумий қоидалар

3.1. ТТАда  ҳамжиҳатлик,  ўзаро ишонч,  ҳурмат, бир-бирига ғамхўрлик қилиш ҳамда аҳил-иноқлик жамоа аъзоларининг ўзаро муносабатларидаги муҳим шартларидир.

3.2. ТТАда ўзаро муносабатларнинг асосий тамойили – бир шахснинг ҳуқуқи бошқа шахснинг ҳуқуқини паймол қилмаслиги лозим, жумладан жамоа аъзосининг сўз эркинлиги унга бировга туҳмат қилиш, уни ҳақорат қилиш, ўзаро муносабатларда умум эътироф этилган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи беҳаё сўзлардан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатламайди, эътиқод эркинлиги диний маросим либосларида ТТАга келиш ҳуқуқини кафолатламайди, кийиниш эркинлиги таълим масканида тарбия жараёнига салбий таъсир қилиш ҳуқуқини кафолатламайди ва ҳоказо.

3.3. Жамоа аъзоларининг ТТАга  одамлар диққатини тортадиган танани шаффоф кўрсатиб турадиган, елка, кўкрак ва қорин, шунингдек тиззадан юқори қисмлари очиқ қоладиган ҳамда ҳаддан зиёд тор кийимда ёки диний ибодат либосида, металл занжирлар, тўғноғичлар, танага турли мунчоқлар қадаган ҳолда, спорт кийим ва пойабзалида келиши тақиқланади. Жамоа аъзолари ТТАга ораста бўлиб, унга монанд кийимда келиши лозим.

3.4.  Жамоа аъзосининг шаъни ва қадр қиммати ҳурмат қилиниши ҳамда халқимизнинг маънавий меросини авайлаб асраш мақсадида жамоа аъзолари бир-бирига нисбатан ҳурматсизлик қилиши, беҳаё сўзлар ишлатиши қатъий тақиқланади ҳамда ТТАда ўзаро “Сиз” деб мурожаат қилиш одат тусига кириши лозим.

3.5. ТТА жамоа аъзолари турли тадбирларда (мажлислар, тантанали йиғилишлар, амалий учрашувлар, байрамларда) сўзга чиқувчиларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, маиший тинчликка риоя этиши шарт. Зарурат тақозо этса, бир нотиқ ўз сўзини тугатиб, бошқаси сўз бошлашига қадар юзага келадиган узилиш вақтида залдан чиқиб кетиш мумкин.

3.6. Биноларга кириш жойларида тирбандлик юзага келса, талабалар профессор-ўқитувчилар ва ходимларни, эркаклар эса аёлларни ўзларидан олдин ўтказиб юборишлари лозим.

3.7. Бинога кираётган ҳар бир киши биноларга кириб-чиқишни назорат қилиш учун тайинланган масъул шахс ёки навбатчига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни очиқ ҳолда кўрсатиши шарт.

3.8. Жамоа аъзолари ТТА ҳудудида йўлнинг ўнг томонидан юришлари керак. Бир-бирига дуч келганда албатта саломлашишлари, бунда: талабалар профессор-ўқитувчилар ва ходимларга, эркаклар хотин-қизларга, ёшлар катталарга биринчи бўлиб салом беришлари тавсия этилади. Бундан қўл бериб сўрашиш истисно бўлиб, ёши катта шахслар биринчи бўлиб қўл узатганидан кейингина унга жавобан қўл узатиш мумкин.

3.9. Миллий ва умумбашарий қадриятларга хос бўлмаган  ёки ТТАнинг ички муаммоларига таалуқли масалаларни Интернет тармоғига жойлаштириш ёки ундан турли мақсадлар йўлида фойдаланиш тақиқланади.

3.10. Компьютерларда ТТАга тегишли бўлмаган маълумотларни, шунингдек, турли кинофильмлар, ноқонуний диний маълумотлар, беҳаё суратлар, миллий, ирқий, этник, диний адоватни тарғиб қилувчи  ҳар қандай материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва тарғиб этиш қатъиян ман этилади.

3.11. Ўқув машғулотларига ва ишга ҳамда жамоа аъзоларининг осойишталигига ҳалақит берадиган хатти-ҳаракатлар (радиоприёмник, телевизор, магнитофон ва бошқа овоз кучайтириш воситаларидан мақсадсиз фойдаланиш) содир этиш тақиқланади.

3.12. ТТА профессор – укитувчилари жамоаси аъзолари дарс машғулотлари ва ишга белгиланган кун тартибига кўра ўз вақтида келишлари шарт.

3.13. ТТАда ҳар қандай ҳуқуқбузарлик содир этиш таъқиқланади, шу жумладан, туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш, жамоа аъзосига маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотни тарқатиш, тан жароҳати етказиш, фуқоролик муомаласидан чиқарилган воситаларга оид муносабатларга киришиш (гиёҳванд моддалар, психотропик воситалар ва ҳоказо), ичкиликбозлик, кашандалик, маиший тинчликка тажовуз қилиш, жанжаллашиш, қимор  ва тавакалчиликка асосланган бошқа ўйинлар ўйнаш қатъиян ман этилади.

 

4-бўлим. ТТА Профессор-ўқитувчилари ва талабаларнинг таълим-тарбия жараёнидаги ўзаро муносабатлари

 4.1. ТТА профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг таълим-тарбия жараёнидаги ўзаро муносабатлари “Устоз-шогирд” миллий анъаналарига асосланиши лозим.

4.2. Профессор-ўқитувчи аудиторияга кирганида барча талабалар ўринларидан туриб саломлашишлари, сўнгра ўз жойларини эгаллашлари лозим.

4.3. Дарс машғулотлари вақтида уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш барча учун тақиқланади.

4.4. Талаба ўзининг ножўя ҳаракатлари билан дарс машғулотларига халақит берса, профессор-ўқитувчи юзага келган вазият ҳақида деканатни хабардор қилиб ва унинг рухсати билан бундай талабани машғулотлардан четлатиши мумкин.

4.5. Талабада профессор-ўқитувчи билан ўқув машғулотларидан ташқари вақтда мулоқот қилиш зарурати бўлса, унда талаба қуйидаги қоидаларни, яъни:

— профессор-ўқитувчи талаба билан дарс жадвалига мувофиқ машғулотларда, маслаҳат соатларида, мустақил ишларни, рейтинг назоратини топширишда ёки ўзаро келишув бўйича белгиланган вақтда шуғулланишини;

— ўзи мулоқот қилмоқчи бўлган профессор-ўқитувчининг лавозими, исми, отасининг исми ва фамилиясини аниқ билиши шарт.

4.6. Талаба олдиндан келишилмаган ҳолда профессор-ўқитувчининг ҳузурига келса, умумий ёки ўзаро келишилган маслаҳат соатига кеч қолиб келган ёки келмаган бўлса, профессор-ўқитувчидан ҳатто қисқа вақт суҳбатлашишни талаб қилишга ҳам ҳақли эмас.

4.7. Айрим ҳолларда талабалар профессор-ўқитувчини алмаштириш илтимоси билан мурожаат қилишлари мумкин. Бунинг учун жиддий сабаблар (қўполлик, таъмагирлик, профессор-ўқитувчининг айби билан машғулотлар ўтказилишидаги мунтазам узилиш ҳолларини исботловчи далиллар) кўрсатилиши ва у бўйича гуруҳнинг ягона фикри мавжуд бўлиши шарт.

4.8. Профессор-ўқитувчи билан талаба ўртасида рейтинг назоратини топширишга доир зиддият келиб чиққан ҳолларда, талаба рейтинг назоратини махсус комиссияга топшириш учун рухсат бериш илтимоси билан кафедра мудирига мурожаат этиши мумкин. Бунда мурожаат асосланган бўлиши шарт. Бундай масалалар кафедра мудирининг тақдимномасига биноан факультет декани томонидан ҳал этилади.

 

5-бўлим. ТТА профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро муносабатлари

5.1. Профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро муносабатларида – ягона жамоа, ўзаро ҳурмат ва эътибор, дўстлик, ҳамжиҳатлик, ҳалоллик ва адолат тамойиллари амал қилиши лозим.

5.2. Профессор-ўқитувчилар муносабатларида инсон қадр-қимматига ҳурматсизлик қилиш,  шахсиятини камситиш, ўзганинг интелектуал мулкини ўзлаштириб олиш, қўполлик, беҳаё сўзлар ишлатиш, муштлашиш, ўзгаларга маънавий, моддий ёки жисмоний зиён етказиш қатъиян ман этилади.

 

6-бўлим. Талабаларнинг ўзаро муносабатлари

6.1. Талабаларнинг ўзаро муносабатларида –– ягона жамоа, ўзаро ҳурмат ва эътибор, дўстлик, ҳамжиҳатлик, ҳалоллик  ва адолат тамойиллари амал қилиши лозим.

6.2. Талабалар муносабатларида инсон қадр-қимматига ҳурматсизлик қилиш, шахсиятини камситиш, ўзганинг интелектуал мулкини ўзлаштириб олиш, қўполлик, беҳаё сўзлар ишлатиш, муштлашиш, ўзгаларга маънавий, моддий ёки жисмоний зиён етказиш қатъиян ман этилади.

 

 

 

7-бўлим. Профессор-ўқитувчиларнинг одоб-ахлоққа оид мажбуриятлари

 

— одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишда талабаларга намуна бўлиш;

— ТТА манфаатларига зид бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийиш;

— бирор – бир нохуш воқеа ёки ходиса рўй берса, зудлик билан у ҳақида маъмуриятга хабар бериш;

— ТТА шаъни ва нуфузига доғ туширадиган ҳар қандай ҳолатларнинг олдини олиш;

— ТТА тўғрисидаги ахборотлардан унинг манфаатлари ва обрўсига зиён етказиш учун ёки ўз манфаатлари йўлида фойдаланмаслик;

— дарс жараёнида талабаларга одоб-ахлоққа оид миллий анъаналаримиз, урф-одат ва қадриятларимизни тарғиб қилиш;

— ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик иллатларидан, бошқа турли ҳалокатли таҳдидлар ҳамда биз учун ёт бўлган диний ва экстремистик таъсирлардан, тубан “оммавий маданият” хуружларидан огоҳ этиб бориш;

— таълим олувчиларни маънавий-аҳлоқий тарбиялашнинг ва маърифий ишларнинг самарали шакллари ҳамда услубларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш.

 

8бўлим. Талабаларнинг одоб-ахлоққа оид мажбуриятлари

 

 а) ТТА ҳудудида:

  • ҳудудга киришда талабалик гувоҳномасини кўрсатиб кириш;
  • ҳудудни ифлослантирмаслик ва чиқиндиларни фақат махсус ажратилган жойлардаги урналарга ташлаш;
  • устозлар билан дуч келганда салом бериш;
  • ўқув машғулотлари вақтида ҳудудда сабабсиз юрмаслик;
  • ТТА мулки (кўчар ва кўчмас мулки, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ва ҳоказолар) га эҳтиёткорона муносабатда бўлиш;
  • кийиниш ва ўзаро суҳбат одобларига риоя қилиш;
  • мутасаддиларнинг рухсатисиз турли реклама воситаларини осмаслик;
  • маиший тинчликка риоя қилиш;
  • наркотик ва психотроп моддалар, алкогол ва тамаки маҳсулотлар истеъмол қилиниши ҳамда тарқатилишига қарши курашиш. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ юқоридаги ҳолатлар ҳақида тегишли ташкилотларга ўз вақтида хабар бермаслик жавобгарликка сабаб бўлиши алоҳида қайд этилади.

б)  аудиторияда:

  • уяли алоқа воситаларини ўчириб қўйиш;
  • дарс вақтида гаплашмаслик;
  • жиҳозларга маданий муносабатда бўлиш, парталарга ёзмаслик;
  • қоғоз ва бошқа кераксиз нарсаларни қолдириб кетмаслик;
  • овқатланмаслик, сақич чайнамаслик.

в) умумий овқатланиш жойларида:

  • таомларни олишда навбат тартибига риоя қилиш;
  • тирбандлик ҳолатида устозлар, аёллар, ёши катталарга ҳурмат кўрсатиш;
  • овқатланиш вақтида шовқин солмаслик;
  • умумий овқатланиш шахобчасида белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилиш.

г)  ахборот ресурс марказида:

  • АРМ ходимлари билан ҳушмуомалада бўлиш;
  • китоблар ва жиҳозларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш;
  • баланд овозда сўзлашмаслик ва атрофдагиларга халақит бермаслик;
  • қоғоз, сақич ва бошқа чиқиндиларни қолдириб кетмаслик;
  • китобларни олиш ва топшириш тартиб-қоидаларига риоя қилиш.

д) талабалар турар жойларида:

  • мавжуд жиҳозларни асраш, уларга зарар етказмаслик;
  • электр-энергияси, газ ва сув ресурсларидан тежамкорона (оқилона) фойдаланиш;
  • санитария ва гигиена хоналаридан фойдаланиш қоидаларига амал қилиш;
  • талабалар турар жойи “Низоми” ва “Ички тартиб қоидалари”га қатъи риоя қилиш.

е) спорт мажмуаларида:

  • спорт мажмуасига хос бўлган кийим ва пойабзалларда кириш;
  • спорт инвентарларига нисбатан маданий муносабатда бўлиш;
  • машғулотлардан кейин спорт инвентарларини белгиланган жойларга қайта топшириш;
  • спорт мажмуасининг белгиланган тартиб-қоидаларига риоя қилиш.

ж) маданият саройи ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш жойларида:

—   ўриндиқ ва бошқа жиҳозларга нисбатан маданий муносабатда бўлиш;

— оммавий тадбирлар вақтида ҳуштак чалмаслик, бақирмаслик, тадбир тугашидан олдин сабабсиз чиқиб кетмаслик;

— уҳлаб ўтирмаслик, ўриндиқларга ётиб олмаслик, бир-бири билан гаплашмаслик, ён атрофдагиларга халақит бермаслик.

Шунингдек,

— турли давраларда ўзининг намунавий хулқи ва билими билан ТТА ҳақида юксак ижобий таассурот ҳосил қилишга интилиш;

— доимо комилликка интилиш, ҳалоллик ва адолат билан ҳаёт кечириш каби олижаноб фазилатларни чуқур англаш;

— ТТА манфаати, унинг шаъни ва шонли анъаналари, обрўси ҳамда нуфузи  тўғрисида қайғуриш, уларни сақлаб қолишга жонкуярлик қилиш ва уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш.

 

9-бўлим. Профессор-ўқитувчи ва талабалар одоб-ахлоқида

ман этиладиган ҳолатлар

Профессор-ўқитувчига:

— жамоа аъзоларининг шахсиятини ва қадр-қимматини камситиш, ўзгаларнинг шахсий ва оилавий муаммоларини муҳокама қилиш;

— жамоа аъзолари ва бошқалар устидан турли иғво, ғийбат ва бўҳтонлар уюштириш;

— талабалар билан ўз ҳамкасабаларининг касбий ва шахсий камчиликларини муҳокама қилиш;

— талабаларни асоссиз ўқув машғулотлардан чиқариб юбориш;

— ўқув машғулотларида тижорат рекламаси ўтказиш;

— ўқув машғулотларида диний ташвиқот олиб бориш;

— ўқув машғулотларига маст, соч-соқол олинмаган ва кийиниш тартибига риоя қилмаган ҳолда келиш;

— биноларда ичиш ва чекиш кабилар қатъиян ман этилади.

Талабага:

— профессор-ўқитувчиларга қўполлик қилиш, машғулотлар вақтида асоссиз гапириш;

— профессор-ўқитувчи билан бошқаларнинг баҳосини муҳокама қилиш;

— ёлғон гапириш, ғирромлик ёки профессор-ўқитувчиларни чалғитиш билан боғлиқ ҳар қандай хатти-ҳаракатлар қилиш;

— ходимлар ва ўз ўртоқларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш;

— ёзма ишларни ҳимоя қилиш ва рейтинг назоратига доир бошқа тартиб-таомилларни бажариш вақтида четдан ёрдам олиш, ўзгаларга ёрдам кўрсатиш;

— бошқа шахслар томонидан тайёрланган топшириқлар ёки ёзма ишларни ўз номидан топшириш;

— машғулотларни ўтказиб юбориш ёки кечикиб келиш;

— машғулотлар вақтида профессор-ўқитувчининг рухсатисиз аудиториядан чиқиб кетиш;

— бошқа талабанинг саъй-ҳаракатларига қасддан зиён етказиш;

— моддий жиҳатдан яхши таъминланганлигини турли йўллар билан кўз-кўз қилиш қатъиян ман этилади.

 

10-бўлим. Маъмурият, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар ўртасидаги одоб-ахлоққа оид муносабатлар

10.1. Маъмурият, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар ўртасидаги муносабатлар, ўзаро ҳурмат, аҳиллик, меҳнатсеварлик, бағрикенглик, инсонпарварлик, ғамҳўрлик ва адолат тамоилларига асосланади.

10.2. Маъмурият, профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг иш фаолиятига доир масалалар бўйича ҳамкорлик қилишида бир тарафнинг бошқа тарафга тазйиқ ўтказишига ёки унга ҳаракат қилишига, шунингдек адолат тамоилларига ва ТТА манфаатларига зид бўлган қарорлар тайёрланишига йўл қўймайди.

10.3. Лавозим даражалари тенг бўлган ходимлар ўртасидаги муаммоларни ишчи тартибда ҳал этиш тавсия этилади. Лавозим даражалари тенг бўлган ходимларнинг иш жараёнидаги турли муаммоларни ўз ваколатлари доирасида, маъмуриятни жалб этмаган ҳолда ҳал этишлари маъқулланади.

10.4. Жамоада бирор бир масала билан маъмуриятга мурожаат қилиш тартиби субординация тамоили асосида ташкил этилади.

10.5. Профессор-ўқитувчи ва ходимнинг ТТАда маънавий-аҳлоқий муҳитни янада яхшилаш бўйича ташаббус ва ғоялари рағбатлантирилади.

10.6. Маъмурият профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг касбий ва интелектуал жиҳатдан ривожланишлари учун қулай иш жойи, замонавий компьютерлар, интернет тармоғидан, кутубхона фонди ва ахборот ресурсларидан эркин фойдаланиш шунингдек ҳордиқ чиқаришлари, дам олишлари,  жисмонан чиниқишлари учун барча имтиёзларни яратиб беради.

 

11-бўлим. Рағбатлантириш ва чора кўриш тартиби.

11.1. Ўқув йили давомида “Қоидалар”га тўла риоя қилган, ТТАда юксак маънавий-ахлоқий муҳитнинг янада қарор топишига ва мустаҳкамланишига хизмат қилган жамоа аъзолари, факультет деканлари, кафедра мудирлари ва бўлим бошлиқлари тавсиясига биноан ТТА ички тартиб қоидаларига мувофиқ моддий ёки маънавий рағбатлантирилади.

 11.2. Жамоа аъзолари ушбу “Қоидалар”ни бузганида, ТТА ички тартиб қоидаларининг “Интизомий таъсир чоралари” бўлимида келтирилган ҳолатлар бўйича чоралар кўрилади.

Шунингдек, жамоа аъзосининг хулқ-атвори устидан жамоат назоратини таъминлаш мақсадида, мазкур қоидаларга риоя этилмаганлиги ҳолатлари ТТАдаги  Бирлашган касаба уюшма қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ, Хотин-қизлар ва “Ота-оналар” Кенгашларида ҳам муҳокама қилиниши ва уларнинг қарорига биноан жамоа аъзосининг ҳулқ-атвори тўғрисида у яшаб турган маҳалла фуқаролар йиғинига маълумот тариқасида ёзма хабар юбориш амалиёти ҳам жорий этилиши мумкин.

About the author

Ulug'bek Safarov

Add Comment

Click here to post a comment

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.