Bo'lim yangiliklari Yangiliklar

2016 йил 25 ноябрь куни иқтидорли талабаларнинг интеграл семинари бўлиб ўтди

2016 йил 25 ноябрь куни Тошкент тиббиёт академиясида Умумий ва радиацион гигиена кафедраси ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими ҳамкорликда кафедралараро интеграл семинар ўтказилди.  Семинар ўтказилишдан мақсад, иқтидорли талабаларни аниқлаш, уларни илмий-тадқиқот ишларига кўпроқ жалб этиш, илмий адабиётлар билан ишлашга, шахсий изланиш ишларини олиб боришга ўргатишдан иборат. Интеграл семинарда ТТА илмий ишлар бўйича проректор, профессор Боймурадов Шухрат Абдужалилович, тиббий профилактика факультети декани, т.ф.д. Кулманова Муножат Усмановна, Умумий ва радиацион гигиена кафедраси мудири, т.ф.д. Саломова Феруза Ибодуллаевна, Коммунал ва меҳнат гигиенаси кафедраси мудири, профессор Искандарова Гўзал Тулкиновна, ТТА иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими ходими, катта ўқитувчи Неъматова Н.Ў., тиббий профилактика  факультети иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими ходими, т.ф.н. Ёдгорова Н.Т., Умумий ва радиацион гигиена кафедраси ходимлари доцент Садуллаева Х.А., ассистент Мирсагатова М.Р., эпидемиология кафедраси доценти Абдукаххорова М.А., 3-6 курс талабалари иштирок этдилар.

Илмий ишлар бўйича проректор, профессор Боймурадов Ш. А. кириш сўзлари билан ушбу семинарни  очиб бердилар. Бугунги иқтидорли талабалар иштирокида ўтказилаётган семинар ТТА миқёсида илк бора ташкил этилганлиги, ҳамда  иқтидорли ва изланувчан талабаларни аниқлаш ва улар билан мунтазам ишлаш зарурлиги, бу йўналишдаги  ишларни янада кенгайтириш ва сонини ошириш кераклигини айтиб ўтдилар.

Сўнгра Умумий ва радиацион гигиена кафедраси мудири, т.ф.д. Саломова Ф.И. мавзуга оид янги маълумотларни келтириб ўтдилар. Жумладан, ҳозирги кунда деярли 4,2 миллиард киши сув тармоғидан фойдаланаётгани, 2,4 миллиард аҳоли бошқа сифати яхшиланган сув манбаларидан, шу жумладан ҳимояланган қудуқларидан фойдаланаётгани ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, 663 миллион аҳоли сифати яхшиланмаган сувдан фойдаланаётганлиги, шу жумладан 159 миллион аҳоли юзаки сув ҳавзаларидан фойдаланиши ҳақида ахборот берди. Ифлосланган сув диарея, вабо, дизентерия, ич терлама ва полиомиелит каби касалликлар қўзғатувчиларини ташувчи омил бўлиши мумкинлиги ва  ҳисоб-китобларга кўра, ифлосланган ичимлик суви ҳар йили 500 000 дан ортиқ ўлим ҳолатларига сабабчи бўлаётгани тўғрисида тўҳталиб ўтди.  2025 йилга бориб, дунёнинг ярим аҳолиси сув танқислиги мавжуд бўлган жойларда яшаш эҳтимоли башорат қилинаётгани ҳақида маълумот берди. “Шунинг учун хам биз тоза ичимлик сувимизни асраб авайлашимиз керак”-деди.

Шундан сўнг семинар режасига кўра, иқтидорли талабалар мавзуга оид тақдимотни қилдилар. Аслонова А-601 гурух талабаси-мавзу “Ичимлик сувига бўлган гигиеник талаблар”, Мурадова И.-402 гурух талабаси мавзу “Ичимлик суви сифатини яхшилаш усуллари”, Ибрагимов Р.-601 гурух талабаси, мавзу “Ичак инфекцияларини тарқалишида сувнинг эпидемиологик аҳамияти”, Баракаев Д -307 даволаш факультети талабаси, мавзу “Вабо инфекцияси ва унинг диагностикаси”.

Семинар давомида талабалар ва ўқитувчилар томонидан турли саволларга жавоб олинди. Коммунал ва меҳнат гигиенаси кафедраси мудири, профессор Искандарова Г.Т. сўзга чиқиб, иштирокчи талабаларга ишларида муваффақиятлар тилади.

Семинар якунида, ТТА илмий ишлари бўйича проректор Боймурадов Ш.А. томонидан иқтидорли талабаларга фаҳрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширди. Умумий ва радиацион гигиена кафедраси ходимларига, хусусан ушбу семинарнинг фаол ташкилотчиси ассистент М.Р.Мирсагатовага ўз миннатдорчилигини билдирилди.

 

Фотолавҳалар:

About the author

Ulug'bek Safarov

Add Comment

Click here to post a comment

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.