Yangiliklar

Академик Абдулла Муҳаррамович Убайдуллаев билан давра суҳбати бўлиб ўтди

Мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга,
жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар кўп.
Улар ўз мактабларини яратиши, шогирдлар тарбиялаши лозим.

Ш.М.Мирзиёев

   Ҳаммамизга маълумки, 2016 йил 30 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашуви бўлиб ўтган эди. Учрашувда, бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришдан мақсад эса жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз тасаввур этишни имкони бўлмагани боис илм–фанни ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бирига айлангани ҳам бежиз эмас.

Бу борадаги ишлар бугун изчил ва тизимли равишда давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисидаги фармонида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш мақсадида бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланган.

         Мазкур бошланган салмоқли қадамнинг самараси ўлароқ, 2017 йилнинг 10 феврал санасида Тошкент тиббиёт академиясининг ректорат мажлислар залида, шифокор, олим, ихтирочи, педагог, Ўзбекистон фанлар академиясининг академиги Убайдуллаев Абдулла Муҳаррамович ТТА талабалари билан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатини, ТТА маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректор Т.А.Бобомуратов кириш сўзи билан очиб бердилар. Шундан сўнг академик А.М.Убайдуллаевнинг хаёти ва фаолиятига бағишланган тақдимот намойиш этилди.

1995-йилда Ўз. Рес. Фанлар Академиясига аъзо бўлган А.М.Убайдуллаев 2000-йилда академик унвонини олди. У 1978-йилда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти қошида Ўрта Осиёда 1-клиник пульмонология кафедрасига асос солиб, то ҳозиргача мазкур илм даргоҳига раҳбарлик қилиб келмоқда. Олим, 1986-йилдан бери Ўз. Рес. ССВ Фтизиатрия ва пулмонология ИТИда директор лавозимида ишлаб келяпти.

Академик А.М.Убайдуллаев давра суҳбати давомида пульмонология ва фтизиатрия сохасининг тарихи ва унинг долзарб масалалари, жумладан, атроф – муҳитнинг экологик бузулиши натижасида юзага келувчи нафас йўллари касалликлари, собиқ мустабид тузумнинг “пахта иши” оқибатида пестицид ва бошқа кимёвий бирикмаларнинг ахоли саломатлиги ва соғлом насл кушандаси бўлганлиги ва Тожикистон Республикасининг М.Турсунзода вилоятида ташкил этилган алюмин заводдан чиққан чиқиндиларнинг қарийб 5 та туман аҳолиси саломатлигига ва наслига жиддий хавф туғдиргани ва унинг хозирги вақтдаги асоратлари хусусида тўхталар экан, унинг олдини олишда хозирги замон тиббиётини, хусусан фтизиатрия ва пульмонология фани олдида турган долзарб вазифаларни айтиб ўтдилар.

         Академик билан бўлиб ўтган давра суҳбати қизғин ва фаол тарзда давом этар экан, талабаларимиз ўзларини қизиқтирган бир нечта саволлар бериб, етарлича жавоб олдилар.    

ТТА маънавият ва маърифат
ишлари бўйича проректор
Т.А.Бобомуратов

Тадбир жараёнидан фотолавҳалар: