Yangiliklar

Академик Турғунпўлат Обидович Даминов билан давра суҳбати бўлиб ўтди

Мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга,
жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар кўп.
Улар ўз мактабларини яратиши,
шогирдлар тарбиялаши лозим.

Ш.М.Мирзиёев

 

   Ҳаммамизга маълумки, 2016 йил 30 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашуви бўлиб ўтган эди. Учрашувда, бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришдан мақсад эса жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз тасаввур этишни имкони бўлмагани боис илм–фанни ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бирига айлангани ҳам бежиз эмас.

Бу борадаги ишлар бугун изчил ва тизимли равишда давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисидаги фармонида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш мақсадида бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланган.

            Мазкур бошланган салмоқли қадамнинг самараси ўлароқ, 2017 йилнинг 27 март санасида Тошкент тиббиёт академиясига қарашли академик лицей мажлислар залида, шифокор, олим, ихтирочи, педагог, Ўзбекистон фанлар академиясининг академиги Турғунпўлат Обидович Даминовнинг ТТА талабалари билан давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатини, ТТА маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректор Т.А.Бобомуратов кириш сўзи билан очиб бердилар. Шундан сўнг академик Турғунпўлат Обидович Даминовнинг хаёти ва фаолиятига бағишланган тақдимот намойиш этилди.

Турғунпўлат Обидович Даминов 1941 йил 26 апрелда Тошкент шаҳрида, хизматчи оиласида дунёга келди. 1958 йилда ўрта мактабни олтин медалга тамомлаб, Тошкент Давлат тиббиёт институтига ўқишга кирди. Даминов Т. Т.Даминов раҳбарлиги остида болалар юқумли касалликларини ўрганиш бўйича 4 та катта йўналишда илмий изланишлар олиб борилмоқда.Биринчи йўналиш – жигарнинг юқумли касалликларини ўрганиш. Ўзбекистон шароитида вирусли гепатитларнинг тарқалганлик даражаси ва фенотиплари кўрсатиб берилди. Олиб борилган илмий ишлар натижасида чўзилувчан ва сурункали вирусли А ва В гепатитларининг ривожланиш механизмлари очиб берилди. Иккинчи йўналиш – ҳаво-томчи йўли билан юқувчи касалликлар, жумладан қизамиқ, тепки, кўк йўтал, гриппнинг кечиш хусусиятларини ўрганиш. Учинчи йўналиш – ўткир ичак инфекцияларининг кечиш хусусиятлари, диагностикаси ва даволаш чораларини такомиллаштириш. Даминов Т. раҳбарлигида ўткир ичак инфекцияларидаги парҳез такомиллаштирилди. Тўртинчи йўналиш – инфектологиянинг янги йўналишларидан бири бўлган болалардаги ОИВ-инфекциясининг кечиш хусусиятларини ўрганиш.Т.Даминов катта илмий мактабни яратганлар. Уларнинг раҳбарликларида тиббиётнинг турли мутахассисликлари бўйича 40 дан ортиқ фан номзодлари, 18 та фан доктори тайёрланган. Устознинг ғоялари ва илмий йўналишлари ҳозирги кунда унинг кўп сонли шогирдлари ва ёш олимлар томонидан давом эттирилмоқда ва кейинги ривожини топмоқда.Т.Даминовнинг долзарб ва чуқур илмий изланишлари доимий равишда МДҲ ва турли давлатларнинг етакчи олимларини ўзига жалб этган. У кўп маротаба чет давлатларга маъруза ўқишга таклиф этилди, конгресс ва турли анжуманларда маърузалар қилиб, фаол иштирок этди.Т.Даминов 400 дан ортиқ илмий мақолалар, 13 монография ва 30 дан ортиқ методик қўлланмалар муаллифи. Даминов Т. раҳбарлиги остида “Юқумли касалликлар” (2 томли), “Умумий амалиёт шифокори амалиётида юқумли касалликлар”, “ОИВ инфекцияси” дарсликлари яратилди. Даминов Т. инсон саломатлигини сақлаш, беморлар дардига шифо топиш, қолаверса, мустақил Ўзбекистоннинг ҳам маънан ҳам жисмонан соғлом фуқароларининг умрига умр, ёшига ёш қўшиш каби улуғ ишларни амалга оширишни азалдан мақсад қилиб олган. .Ҳеч бир хайрли иш ҳукуматимиз эътиборисиз қолмайди. Академик Даминов Т. “Дўстлик”ордени ва Альберт Швейцар номидаги Халқаро олтин медали билан, Соғлиқни Сақлаш тизимида қилган меҳнатлари тақдирланиб “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач” унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.Каримовнинг 2016 йил 24 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ишларидаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнати билан соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун Турғунпўлат Обидович Даминов “Эл-юрт ҳурмати” фахрий ордени билан тақдирланди. Т.Даминов бугунги кунда нафақат талаба-ёшларга, балки ёш педагогларга ва шифокорларга ҳам ўз билим ва кўникмаларини ўргатмоқдалар. Нафақат илм-фан соҳасида, балки ҳаёт сабоқлари бўйича ҳам зарур бўлган маслаҳатларни бериб келмоқдалар.

Академик Т.О.Даминовнинг ҳаётий ва ижодий йўли, унинг машҳур олим ва ташкилотчилиги билан бир қаторда ҳақиқий инсонлиги, бугунги кунда тиббиёт фанига қадам қўяётган ёш олимлар учун ўрнак бўлиб келмоқда. Яхши ният билан бошланган ишларнинг албатта хайрли тугашини ва бу барчага ибрат бўлишини барчамиз яхши биламиз.

            Академик билан бўлиб ўтган давра суҳбати қизғин ва фаол тарзда давом этар экан, талабаларимиз ўзларини қизиқтирган бир нечта саволлар бериб, етарлича жавоб олдилар.

ТТА маънавият ва маърифат бўлими

Фотолавҳалар:

About the author

Ulug'bek Safarov

Add Comment

Click here to post a comment

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.