Bo'lim yangiliklari Hikoyalar

ЧЕКУВЧИЛАРГА ҚАРШИ ТЕСКАРИ МАСЛАҲАТ (хажвий хикоя)

  Аслида инсон табиати жуда қизиқ: нимадан қайтарсанг шу нарсага кўпроқ интилаётганини гувоҳи бўласиз. Бу ҳолат айниқса ёшлар табиатга мос. Ушбу “билмасанг хазил, билсанг чин ” нуқтаи назари билан дунёга келган мўъжаз ижод намунасида инсон психологиясидаги ички “мен”идаги қарама-қарши кучни ифодалашга баҳоли қудрат ҳаракат қилдик. Сарлавхага эътибор берадиган бўлсак чекувчиларга тескари маслаҳат бериш оркали “инкорни- инкор” қонунига маълум маънода амал қилган бўламиз. Демак, сеанс бошланди…

   Яқинда бир жойда қандайдир дўхтир тамаки чекишнинг одам саломатлигига зарари ҳакида узундан-узоқ гапирди, ҳатто одамлар зерикишганидан чекиб ҳам юборишди. У кишининг гапини қаранг: чекиш одам умрини қискартирар эмиш, ҳар хил касалликларга мубтало қилармиш. Бўлмаган гап! Нега дейсизми, Хозир буни билиб оласиз, шошманг. Сизга дилимда яшириб, ҳеч бир инсонга айтмаган пинҳоний гапимни очиқ айтиб қўяқолай. Кўнгилда саклаб юргандан не фойда, гапинг бўлса очиқ гапир, одамлар баҳраманд бўлсинда. Гапим шуки, халиги дўхтир бекор айтибди, тамаки чекиш одам зоти учун кони фойда. Бу гапимга ишонаверинг. Гапимга баъзилар кулса керак, кулса кулар.  Лекин гапим рост. Ишонмайсизми? Хозир сизга тамаки чекишнинг қандай ажойиб «хосиятлари» борлигини айтиб бераман, эшитинг.

  Биринчидан, чекадиган одам учун будильник, яъни жиринглайдиган соатнинг мутлақо кераги йўқ, демак будилник сотиб олишга ортиқча харажат бўлмайди.Чунки у ишга хечам кеч қолмайди, Хатто кўшнилар ҳам тонг саҳарда уйғонишиб, кашанданинг эшигини тақиллатиб вақтли уйғотгани учун «рахматлар» айтишади. Бунинг сабаби шундаки, чеқадиган одам тонг саҳарда уйғониб 10-15 минутгача тинмай қув-қув йўтала бошлайди. Йўтал қистаб турса одам ухлай олмайди- да… Қарабсизки, ўзи ҳам хотини ҳам қўшнилар ҳам, қолаверса ишхонадагилар ҳам хурсанд.

   Чекишнинг яна бир бебаҳо «хусусияти» бор, кашанданинг таниши жуда кўп бўлади. Нега дейсизми, чунки у чекиш хумор қилганда дуч келган одамдан акажон ёки укажон битта чектирворинг деб сўрайди, таниш-билиш орттирган яхшида. Бу зинҳор тиланчилик эмас, ундай деманг, тағин чекадиганлар хафа бўлиб юришмасин, ахир чекиш жуда-жуда хумор қилса-ю сигаретанг бўлмаса, бундан ортиқ азоб борми, сўрайсанда. Хозир бир қути сигарета фалон сўм. Лекин ўнтаси бўлмаса биттаси чектирадида. Бировдан сигарета сўрагани одам уялади-ку дейсизми. Товба, шуям гапми, чекиш хумор килиб, юрак эзилиб турганда уялишга бало борми.

   Иннай кейин, яна битта гапни айтиб қўяй. Бу гапни ҳеч ким билмасин, бўлмаса куяга қарши дори чиқарадиган заводнинг бозори касод бўлади. Чекадиган       одам яшайдиган уйда куялар битта қолмай қирилиб кетади, Нега дейсизми? Шунга ҳам ақлингиз етмайдими? Кўпчилик аёллар куя емасин деб жун кийимлар ва бошқалар ичига куя дори топилмаганда тамаки сепиб қўйишади. Хўш, энди, айтинг-чи, ким хақ?

Кашанданинг бутун вужудидан, хатто у яшайдиган хонадан ҳам тамаки ҳиди «анқиб» хавога тарқалиб туради, ана шу хаводан нафас олган куялар (ахир, улар ҳам одамларга ўхшаб нафас оладида бўлмаса ўлиб қолади) таппа-таппа ташлаб, ўлаверади, ўлаверади.

Энди уйда ёш болалар бўлсачи улар ҳам ҳудди кашанданинг ўзи бўлади қўяди. Тамаки чеккандай «кайф» қилиб, жим юради, тўполон қилишга холи келмайди, демак уй тип-тинч, тўполон, ур-сур, қий-чув йўқ. Роса зўрда!

Яна битта гап, ростми-ёлғонми бунисига кафолат беролмайману лекин, чекадиган кашанда одамнинг вужудидаги касаллик қўзғотувчи микроблар ҳам тамаки заҳрига чидолмай ўлиб қолармиш. Ё товбангдан кетай, бу гап рост бўлса, одам учун фойдалилари ҳам қирилиб кетса керакда, а ?!

Тамакининг энг бебаҳолиги шуки, кашандани,        ўлай агар, бирорта ҳам ит қопмайди, чунки уни доим қўлида таёғи, яъни хассаси бўлади. Ахир ит таёкдан қўрқади-да. Кашандани нега хассаси бўлади, дейсизми? Ия, қизик одам экансизку,         шуниям билмайсизми. Микробларга, куяларга, тамоми тирик жонга қирон келтирадиган тамакидай “зўр” нарса одамни соғ қўярмиди. Бориб-бориб лиқиллаб колади-да одам.

   Яхшиям бахтимизга дўхтирлар бор, бўлмаса кашандаларни ҳолига вой бўларди! Эшитишимча, сигаретани роса тортганда учидаги чўғда бир неча юз даражада иссиқ ҳосил бўлармиш, бу иссиқни        ичига тортган одам совқотмаса керак-а, нима         ичи куймайдими дейсизми. Бунисини билмадим. Куйса керагов. Ахир дўхтирлар, дори-дармонлар борку, шунгаям ғамми. Битта дўхтир нима дейди денг, бориб-бориб кашандани ўпкаси қурум босиб, тешилиб кетармиш, рак бўлармиш, яна қанақадир бало-бадтар бўлармиш. Роса ваҳима килворибди-да ўша дўхтир. Нима бўпти, тешилса тешилар, қурум босса босар! Хозир капрон ўпкалар бор, деб эшитганман. Биттасини кўйдирволади-қўядида.

   Манови гапни бемаънилигини қаранг, шуям гапми? Кашанда қаримасмиш. Кашанда узоқ яшамайди дегани бўлса керак-да. Бу хафа бўлишга арзимайди. Бир кун келиб ҳамма ҳам ўлади. Нима бўпти! Беш кун олдин ўлди-ю беш кун кейин. Шунгаям ташвишми. Маслаҳатим шуки, чекаверинг, чекаверинг. Ахир бу дунёда роса чекиб маза қилиб қолганга нима етсин! Хазил-хазил билану лекин, бу дунёда битта ярамас амалингиз билан гўё ўзингизга қанча «фойда» келтираётганга ўхшайсиз-а! Сиз бугундан бошлаб амалингиз ҳақида бир ўйлаб кўринг ва бу зарарли одат тўридан вақтида қутулинг. Бунинг учун аввало:

  • Ўзингизни қачон тамаки чекишни ташлашингизни режалаштириб олинг;
  • Сизни қўллаб-қувватловчи гурух тузинг;
  • Чекишни ташлаётганингиз          хақида яқинларингизга (ота-онангиз, дўстларингиз) маълум қилинг. Улар сизни кўллаб-қуввтлашига ишонинг ва хамкорларингизга суянинг;

Мана шундан кейин уз қун тартибингизни куйидагича режалаштириб олинг:

  • Биринчи кун сиз чекмайдиган дўстларингиз билан мулоқот қилишни режалаштиринг;
  • Жуда кўпроқ диққат эътиборингизни бир жойга жамлайдиган, сизни чекишдан чалғитадиган машғулотлар билан шуғулланинг;
  • Сизни тамаки чекишга ундайдиган вазиятлардан узоқлашинг;
  • Чекаётган сигареталар сонини хар икки кунда биттага камайтириб боринг;
  • Ақлу-фикрингиз ва қўлларингиз доимо харакатда ва банд бўлсин.

Чекишга қарши фақат ирода кучигина бу зарарли иллатдан қутулишингизга ёрдам беради. Кашандаликдан воз кечишга қарор қилганингизнинг ўзи сизнинг дастлабки ютугингиздир.

Омадингизни берсин.

About the author

Ulug'bek Safarov

1 Comment

Click here to post a comment

Давлат Араббоевичga fikr bildirish Cancel reply

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.