Tibbiyot vakillarining kiyinish odobi, tibbiy deontologiyasi va madaniyati nizomi

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча бошқарув аппарати, тиббиёт даволаш-профилактика ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муасассалари, ташкилот, корхоналар ходим, талабалар ва абитуриентларнинг тиббий деонтологияси ва маданияти тўғрисида”ги
НИЗОМ

АСОСИЙ ҚИСМ

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. Мазкур Низомнинг мақсади – вазирлик тизимидаги барча бошқарув аппарати, тиббиёт даволаш-профилактика ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муасассалари, ташкилот ва корхоналар (бундан кейин–муассаса) учун тартибли кийиниш меъёрларини белгилаш, шунингдек, деонтологик нуқтаи назардан соғлом маънавий, ижтимоий-психологик муҳит барқарорлигини таъминлаш, касбга нисбатан ва ўзаро ҳурмат муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат.

1.2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29-августдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуни, “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” ҳамда Тиббиёт таълими муассасаларида амалдаги “Одоб-ахлоқ қоидалари”га мувофиқ ишлаб чиқилган.

1.3. Ушбу Низомнинг талаблари барча тиббиёт ходимлари, профессор-ўқитувчи, ходим (хона мудирлари, лаборантлар, котибалар, бўлим ходимлари) ҳамда талабалар учун мажбурий ҳисобланади.

1.4. Низомда кўрсатилган “қоидалар” ташкилот ички меъёрий ҳужжатларига киритилиши шарт.

II. Муасасса ходим ва талабаларнинг муомаласи ва кийинишига қўйиладиган ТАЛАБЛАР

2.1. Дунё миқёсида қабул қилинган хизмат протоколи қоидаларига мувофиқ жиддий, ишчан ва дидли, зиёли шахс қиёфасини шакллантириш мақсадида корпоратив кийиниш услуби талабларига амал қилинади.

2.2. Муассасада раҳбар ходимлар, педагог, шифокор (ёки бўлажак педагог, шифокор) касбига мос ҳолда кийинишлари талаб этилади. Тиббиёт ходими ўзини тутиш санъати ҳамда мулоқот маданияти ва касбдошлар ўртасида ва беморлар билан мулоқотда ҳурмат ва меҳр-мурувват кўрсатишлари шарт. Бунда ўқитувчи ва мураббийлар талабаларга ибрат намунасини кўрсатишлари шарт.

Жамоа аъзоларининг тиббиёт таълими, даволаш-профилактика муассасасига одамлар диққатини тортадиган, танани шаффоф кўрсатиб турадиган, шунингдек, тиззадан юқори қисмлари очиқ қоладиган ҳамда ҳаддан зиёд тор кийимда ёки эътироф этилган миллий-анъанавий шаклларга зид кийимларда, ғайриоддий соч турмаклари, ортиқча бўянган, паст савияли “оммавий маданият” белгиларини ўзида намойиш этган ҳолда, спорт кийими ва пойабзалида келиши тақиқланади.

2.3. Тиббиёт таълим ва даволаш-профилактика муассасаларига ораста бўлиб, унга монанд кийимда келиш талаб этилади. Танага бодиард услубида турли суратлар чиздириш, татуаж ва пирсинглар тушириш одоб-ахлоқ қоидаларига зид ҳисобланади ҳамда муассаса ёки ташкилот, институтга бу ҳолда келиш тақиқланади.

III. Муасасса ходим ва талабаларнинг муомаласи кийиниш ҚОИДАЛАРИ

3.1. Тиббиёт муасассасида фаолият кўрсатаётган ва таълим олаётган аёл тиббиёт ходими ва талабаларига қўйилган талаб:

3.1.1 Ходим ўзини тутиш санъати ҳамда мулоқот маданияти ва касбдошлар ўртасида, беморлар билан мулоқотда ҳурмат ва меҳр-мурувват кўрсатишлари керак.

3.1.2 Устки кийимнинг турлари – бичими ортиқча безаклардан холи, классик шаклдаги костюм, юбка, блузка ва кўйлакдан иборат.

3.1.3. Костюм, юбка ва кўйлаклар қора, кулранг, кўк ранглардаги сидирға ёки чизиқли классик матолардан, блузка эса, оқ рангда бўлиши лозим. Юбканинг узунлиги тиззадан юқори бўлмаслиги керак.

3.1.4. Аксессуарлар (сумка, кўзойнак ва безаклар) ҳам корпоратив услубга мос ҳолда танланиши, ортиқча безаклардан холи бўлиши, заргарлик тақинчоқлари (зирак, узук, мунчоқ ва бошқалар) кўзга яққол ташланмайдиган, нозик, нафис ва сипо шаклда дид билан тақилиши лозим.

3.1.5. Сочлар ораста йиғилган, ўрилган ёки турмакланган, ортиқча аксессуарлардан холи бўлиши керак.

3.1.6. Оқ халат ва шунга монанд бош кийим тоза, текис, тиззадан пастда туриши, енги узун (фаслга қараб), классик услубда, чет эл ва турли хил фирма ёрлиқларидан холи бўлиши лозим.

3.2. Тиббиёт муасассасида фаолият кўрсатаётган ва таълим олаётган эркак тиббиёт ходими ва талабаларига қўйилган талаб:

3.2.1. Ходим ўзини тутиш санъати ҳамда мулоқот маданияти ва касбдошлар ўртасида, беморлар билан мулоқотда ҳурмат ва меҳр-мурувват кўрсатишлари керак.

3.2.2. Устки кийимнинг турлари – бичими классик шаклдаги костюм, шим, кўйлак ҳамда галстукдан иборат.

3.2.3. Костюм ва шимлар қора, кулранг, кўк ранглардаги сидирға ёки чизиқли матолардан, кўйлаклар эса очиқ рангларда (оқ, кулранг, кўк) бўлиши лозим.

3.2.4. Галстукнинг кенглиги ўртача, узунлиги камаргача бўлиб, ранги костюм ва кўйлакка мос танланиши керак.

3.2.5. Талаба йигитлар талабага мос, ручка, қалам, китоб, дафтарлар солиб юриш мумкин бўлган, ранги устки кийимга ярашимли қора, кулранг, жигар рангдаги сумка-портфеллар тутишлари лозим.

3.2.6. Оқ халат ва шунга монанд бош кийим тоза, текис, тиззадан пастда туриши, енги узун (фаслга қараб), классик услубда, чет эл ва турли хил фирма ёрлиқларидан холи бўлиши лозим.

IV. Муасасса ходим ва талабаларнинг кийинишида ман қилинадиган ҳолатлар

4.1. Аёл ходима ва талаба қизлар учун:

4.1.1. Узунлиги тиззадан калта бўлган, шаффоф ва ялтироқ матолардан тикилган, бичими тор, баданга ёпишиб турадиган, кўкрак, қорин, елка қисми очиқ блузка ва кўйлаклар кийиш;

4.1.2. Безак сифатида маънавий-ахлоқий тарбияга мос келмайдиган ёзувлар, турли реклама маълумотлари, давлат рамзлари, зўравонлик, фаҳш элементларини тарғиб қилувчи расмлар ва ёзувлар акс этган, русум сифатида “йиртилган”, “титилган” ва жинси матосидан тикилган кийимларда юриш;

4.1.3. Муассаса ҳудудида спорт кийимлари, калта шим ва кроссовкаларда юриш (жисмоний тарбия дарслари ва дарсдан сўнг талабалар турар жойи биноси, спорт майдончалари ва ҳашарлардан ташқари);

4.1.4. Ҳижоб ва бошқа диний кийим-бошларда юриш;

4.1.5. Ўқув анжомларини рўзғор, бозор-ўчар учун мўлжалланган пакет-халталарда олиб юриш;

4.1.6. Қулоқ ва бармоқлардан ташқари тананинг турли қисмларига зирак ёки металл буюмлар тақиб юриш;

4.1.7. Оқ халат ва кийимларда турли хил чет эл ва бошқа фирма ёрлиқлари бўлиши тақиқланади.

4.2. Эркак ходим ва талаба йигитлар учун:

4.2.1. Бичими тор, ялтироқ, баданга ёпишиб турадиган ҳамда маънавий-ахлоқий тарбияга мос келмайдиган ёзувлар, турли реклама маълумотлари, давлат рамзлари, зўравонлик, фаҳш элементларини тарғиб қилувчи расмлар ва ёзувлар акс этган, русум сифатида “йиртилган”, “титилган” ва жинси матосидан тикилган кийимларда юриш;

4.2.2. Муассаса ҳудудида спорт кийимлари, калта шим ва кроссовкаларда юриш (жисмоний тарбия дарслари ва дарсдан сўнг ТТЖ биноси, спорт мажмуаси ва ҳашарлардан ташқари);

4.2.3. Ўқув анжомларини рўзғор, бозор-ўчар учун мўлжалланган пакет-халталарда олиб юриш;

4.2.4. Соч-соқолларни ўстириб юриш;

4.2.5. Бўйин тақинчоқлари ёки турли металл буюмларини тақиш ёки осиб юриш;

4.2.6. Оқ халат ва кийимларда турли хил чет эл ва бошқа фирма ёрлиқлари бўлиши тақиқланади.

Ҳужжат тури:  НИЗОМ
Қабул қилиниш санаси:  20.01.2016