Ховлингиздан ёки хонадонингиздан дарвоза ҳатлаб кўчага чиқдингизми, сиз жамоат жойидасиз. Сизни ҳамма кўради, сиз ҳаммани кўрасиз. Кимларгадир буни айтиш, зслатиш керак эмас аслида. Буни ҳамма шундоғам билади. Бу ҳакда ёзиш ҳам ғалатироқ туюлади. Лекин анча мулоҳазадан сўнг маданиятнинг бу оддий жиҳати тўғрисида айтиш зарурати бу ҳақда фикр юритишга ундади.
Хўш, айтингчи, сиз кўчага чиқмоқчисиз, биринчи навбатда нима қиласиз? Сизга жумбоқли савол бериб, ўйлантирмоқчи эмасмиз. Бу — оддий ҳолат. Айтиб кўяқолайлик. Энг аввало, эгнингиздаги кийим-бошингизга мундоқ қарайсиз. «Шундай ҳолда кўчага чиқсам бўлаверадими? ёки…» деб ўйлаб қоласиз. Кейин қаерга бормоқчи бўлсангиз, ўшанга яраша кийинасиз ва остона ҳатлайсиз.
«Уйдаги гап кўчага тўғри келмайди» деганидек, уйдаги кийим ҳам кўчага тўғри келмаслигини жуда яхши биласиз. Бироқ, тўғрисини айтиш керак, баъзида кўча-кўйда ғалати» кийинган одамларни учратиб қоляпмиз. Бу эринчоқликми ё атайин шундай қилишми ёки шошилишданми, барибир, ҳеч бирини оқлаб бўлмайди. Кўчага чиқдингизми, албатта, кўчага мос кийиниш керак.
Сезиб турибман, сиз мисол талаб қиляпсиз. Улар керагича бор. Масалан, ҳар қандай уйда оиланинг ҳар бир аъзоси киядиган уй шиппаги (тапочка) ёки калиш бўлади. Аёлларнику-ю, зркакларга тўғри келмайди. Лекин эркакларники ундай эмас. У ҳаммагаям мос келиши мумкин. Гоҳида шошилиш баҳонасида аёл эркаклар шиппагини “шиппагимга бирров қарамайди ҳам” деб кийиб олади. Шу пайтда қўшниникига ёки бошқа жойга чиқишга тўғри келиб қолади …
Баъзан эгнида уйда кийиладиган халат билан бир ёки икки бекат юрадиганлар, хатто автобусга чикадиганлар бор. Айримлар фақат уйда киядиган, нимадир доғи теккан, ювиш зарурати бор кўйлак-лозимини алмаштиришга эринади. Бошига рўмол ташлаш етарли, деб уйлайди.
Тағин бир холатни айтиб ўтмоқчиман. Баъзида йўналишдаги таксиларга бозорчи аёллар чиқиб қолишади. Улар таксини бошларига кўтариб гаплашишларидан ташқари бозорда қандай кийинган бўлсалар, шундоғича чиқишади.
Аёл ҳар қандай ҳолатда ҳам аёллик ибосини сақлаши зарур. Бу аввало унинг кийимида акс этиб туради. Инсонга биринчи навбатда кийган либосига қараб баҳо берилади. Либос эса ҳеч кимда ҳайрат ёки эътироз туғдирмаслиги керак.
Хеч ким юзингизга «Кийинишингиздан ғашим келаяпти», демайди. Аммо, одамларнинг назари ҳаммасидан муҳим. Бировнинг зътирозли назари тушмайдиган ҳолда кийиниш керак. Айримларнинг юзида эътироз билиниб қолади, баъзиларда эса билинмайди. Лекин хаёл ҳаммада бир хил бўлади.
Баъзилар одамлар назарини назар-писанд қилмайдилар. Яъни уялмайдилар. «Ким нима деса десин» қабилида иш тутадилар. Бу гап кўпроқ эркакларга тегишли эканини сезиб турибсиз. Шу ўринда ибратли бир мисол айтмоқчиман. Масалан, Германияда мўйсафидроқ киши уйидан 100 метр наридаги дўкондан нон харид қилмокчи, дейлик. У биринчи навбатда соқолини олади. Кейин яхшилаб кийинади. Керак бўлса, галстук ҳам тақади. Туфлисини яхшилаб чўткалайди. Шундан кейингина кўчага чиқади.
Бу ерда Олмон хаётини ибрат қилиб кўрсатмоқчи эмасмиз. Лекин яхши одатларни қаердан бўлса ҳам ўрганиш керак.
Бизда-чи? Дўконга тушиш керак бўлса, уйида телевизор кўриб ётган «пижама»ли киши қайта кийиниб ўтирмайди, ўзининг «нуфузли одам» эканини намойишкорона билдириб, жамоат олдида пайдо бўлади. У шундай ҳолатда хатто машина ҳам ҳайдаши мумкин.
Фақат ётганда кийиладиган шалвор ёки «трико»да, оёғига шиппакни илиб, бир неча дўконларга кириб-чиқадиганлар бор.
Уйидан салкам бир километр масофадаги дўконга майкачан ёки майканинг устидан зеки юпқа чопонни (янгисини эмас) ташлаб борадиганлар ҳам учрайди.
Бирон яхши кийим урф бўлса, агар ҳаммага ёқса, кўриб, мамнун бўламиз. Агар кўрган одамнинг энсаси қотадиган, ҳамманинг кўнглидан «Кийиминг қурсин» деган хаёл ўтадиган ҳолда бўлса, кўзлар ундан тезда олиб қочилади.
Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб кетмоқчиман. Халқимизнинг жуда бағри кенг, яхши нарсага ҳам, ёмон нарсага ҳам тез кўникади. Аслида, бу яхши ҳислат. Шу билан бирга халқимиз эл назарини муқаддас билади. Ана шу назардан қолмасликка ҳаракат қилади.
Кейинги пайтларда айниқса, шаҳарларда айрим ёшларимиз орасида шундай бир кийиниш «усули» урф бўлдики, баъзилар замон шунақамикин, деб ўйлашади, баъзилар эса ҳайрон бўлишади. Бироқ ҳеч ким ана шундай ёшларга қарата «Отангга раҳмат, баракалла» деб айтмайди.
Бу қандай кийим? Бу спорт кийимининг фақат. шимини кийиб юриш. Тепаси — оддий кўйлак ва костюм. Шундай ҳолатда автобусга чиқишади, дўконларга киришади, бозорга боришади ва ҳоказо. Масалан, автобусга эркак ҳам, аёл ҳам чиқади. Автобус гоҳ холи, гоҳ тиқилинч бўлади. Шундай кийинган йигитнинг аёллар қаршисида туришини бир тасаввур қилинг. Бундан у уялиши керак, ор-номуси заррача бўлса агар.
Уят ҳисси тўғрисида гапирганда ёзнинг жазирамаси баҳонасида бемалол калта иштон (шортик) кийиб юрганларни кўриб ҳайрон коласан киши. Парвардигор ҳаммани бирдек яратган. Нега бошқалар исимайди-ю, у исиб кетади? У бошқачами? Йўқ. Унда уят йўқ!
«Одамнинг маънавий камолотида қай поғонага кўтарилганини нимадан уялиши ва уялмаслигидек аниқ кўрсатиб берадиган нарса йўқ», деган эди Лев Толстой. Уялмаслик эса кўпчиликнинг назарини ҳисобга олмасликдан келиб чиқади.
Жамоат жойига боряпсизми, энг аввало кийимингизга бир қаранг. Шундай кийиниш керакки, сизга ҳеч кимнинг эътирозли нигоҳи тушмасин. Фақат ўзини эмас, бошқаларни ҳам уйлайдиган одамнинг кўнгли равшан бўлади.
Аёллардан фарқли ўлароқ эркакларда «мода» ўзгармайди. Уни мажбуран «ўзгартирмоқчи», яъни «янгилик» киритмоқчи бўлганлар эл назаридан қоладилар.
Биз шу кеча-кундузда кўпчиликни анчадан бери ўйлантираётган масалалар ҳусусида фикр юритдик. Уни сиз ҳам ўйлаб кўринг. Эҳтимол, сиздаги мулоҳазалар бошқачадир.
Расулбек Полванов
ТТА маънавият ва маърифат бўлими услубчиси,
магистратура бўлимининг «Тиббий психология»
йўналиши II-босқич магистранти
Add Comment