Тошкент тиббиёт академиясида 2018 йил 26 март куни
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан
“Талабалик баҳори” фестивали ҳамда
факультетлараро миллий фольклор ва бадиий
ҳаваскорлик чиқишлари ташкиллаштирилди.
Мана, неча кундир-ки, ўлкамизга фасллар келинчаги баҳор кириб келди. Баҳор – янгиланиш фасли. Ушбу фаслда табиат билан бирга инсонлар, уларнинг руҳияти ҳам янгиланади. Баҳорнинг гўзаллигидан илҳомланиб кишининг ҳар кунни байрамдек ўтказгиси келади. Ўзимизга хос ўзбекона миллийлигимизни акс эттирувчи Наврўз байрами юртимиз бўйлаб ҳар йили жуда кенг ва жуда чиройли нишонланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 28 февралдаги “Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни нишонлаш тўғрисида”ги 198-сон буйруғида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда талабаларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ва кўнгилли ўтказиш, уларнинг маънавий ва маданий савиясини ошириш, санъатга бўлган иштиёқи ва қизиқишларини юксалтириш, шунингдек, миллий қадриятларимизни ўргатиш, уларга бўлган меҳр-муҳаббатни сингдириш мақсадида ташкиллаштирилган ушбу тадбир мана Академия ташкил қилингандан буён ҳар йилги анъанага айланган.
Тошкент тиббиёт академияси факультет талабалари томонидан факультетларда театр студиялари ташкил этилган бўлиб, “Талабалар театр студияси” кўрик-танлови ўтказилди ва қуйидаги тартибда факультетлар томонидан саҳна асарлари намойиш этилди.
Тадбирда талабалар “Наврўз” байрамининг келиб чиқиш тарихини ўз ичига қамраб олган миллий урф-одатларимиз, сумалак, ҳосил байрами, тўй-ҳашамлар, лапар ва ўланлар, шунингдек, ҳар бир факультетлар турли чиқишлари ҳамда ёр-ёрлари, рақс, қўшик-куйлари(чолғу асбобларида) чиқишлардан тузилган бадиий концерт дастури, шеърият танловида «Юртим жамоли», «Наврўз», «Миллий қадриятларимиз» мавзуларида ёш қаламкашлар ижодидан наъмуналар, Амалий санъат танловида ёш хаваскор рассомлар ижодидан наъмуналар кўргазмаси ва бошқа бир қатор танловларда турли чиқишлар билан иштирок этишди.
- Тиббий педогогика факультети “Келажак ниҳоллари” театр студиясининг “Икки Дўст” саҳна асари.
- ОМХ факультети “Папризодалар” театр студиясининг “Адашганлар”саҳна асари.
- Тиббий профилактика факультети “Шоввозлар театр студиясининг “Ачиқ хақиқат” номли саҳна асари.
- Даволаш факультети“Истиқбол” театр студиясининг “Совчи” саҳна асари.
Ўтказилган кўрик-танловда фаол иштирок этган ҳар бир жамоа, талабалар турар жойлари ва талабалар Тошкент тиббиёт академияси раҳбарияти томонидан муносиб тақдирландилар. Жумладан, юқорида номлари қайд этилган жамоалар қуйидаги ўрин ва номинацияларни қўлга киритдилар:
1-ўрин: ОМХ факультети. “Паризодалар” театр студиясининг “Адашганлар” саҳна асари (Одам савдоси мавзуси).
2-ўрин: Даволаш факультети “Истиқбол” театр студиясининг “Совчи” саҳна асари (Хозирги давр долзарб масаласи).
3-ўрин: Тиббий педогогика факультети. «Келажак ниҳоллари» театр студиясининг “Икки Дўст” саҳна асари (Одоб ахлоқ тарбияси).
4-ўрин: Тиббий профилактика, биология факультети “Шоввозлар театр студиясининг “Аччиқ хақиқат” номли саҳна асари (Наркомания ва терроризм).
Театр студиясининг “Энг яхши эркак образи” номинациясини “Истиқбол” театр жамоаси “Совчи” асарида роль ижро этган Баракаев Достон қўлга киритди.
Театр студиясининг “Энг яхши аёл образи” номинациясини “Паризодалар” театр жамоаси “Адашганлар” асаридаги Ахмедова Тохира қўлга киритди.
Тошкент тиббиёт академиясида “Театр” студиялари кўрик-танловининг 1-босқичи ўтқазилиб, Республика олий таълим муассасалари ўртасида бўлиб ўтадиган Республика танловининг 2-босқичига ғолиб жамоа ОМХ факультети “Паризодалар” театр студиясининг “Адашганлар” (Одам савдоси мавзусида) саҳна асари маъқул топилди. Хозирда Республика кўрик-танловига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, ҳар бир факультет талабалар турар жойларида дошқозонларда сумалаклар қайнатиб Наврўз дастурхонлари тузашди.
Миллийлигимиз нафаси уфуриб турган бу каби тадбирлар юртимиз миқёсида кўплаб ўтказилиши барчага маълум. Зеро, тинч, осойишта юртимизга байрамлар ярашади.
Наврўзингиз муборак, азиз юртдошлар!
Маданият уйи раҳбари М.А.Абдуллаев,
Маънавият ва маърифат
бўлими услубчиси Э.Шукурова
Add Comment