Профессор Наджимутдинов Қамариддин Наджимутдинович таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан ёрқин хотирасига бағишланади.
Машҳур олим, тиббиёт фанлари доктори, профессор Қамариддин Наджимутдинов ўзи суйган касбига қанчалик масъулият билан ёндашса, фарзандлари ва шогирдлари тарбиясига худди шундай жавобгарлик билан қарар эди. Устознинг ҳеч қайси замонда эскирмайдиган ўгитлари:
“Сенга бирор-бир топшириқ ёки вазифа ишониб юклатилганда, уни ўрнига қўйиб, сидқидилдан бажаришинг ва бу ишни охирига етказишинг керак. Сенга турли муносабатлар билан қоғоздаги хулосаларни тақдим этишса, уларга ишониб “ҳаммаси жойида экан”, деб бепарво бўлма, ўзинг кўриб-билган ҳақиқатларга ишон, таҳлил ва ўрганиш ишингнинг асосий қисми бўлсин”.
К. Наджимутдинов 1931 йил 26 февралда Тошкент шаҳрида, зиёли оилада туғилган. Мактабда ўқиш пайтида у тенгдошларидан меҳнасеварлиги, билимга бўлган катта интилиши, илм-фан ютуқларига қизиқиши билан ажралиб турарди. 1949 йилда ўрта мактабни олтин медал билан тугатгач, Тошкент тиббиёт институтининг даволаш факултетига ўқишга кирди. Барча йиллар давомида фақат аъло баҳоларга ўқиди ва институтни 1956 йилда имтиёзли диплом билан тугатди.
Институт Илмий Кенгаши К.Наджимутдиновга аспирантурани давом эттиришни тавсия қилди, аммо у ўзлаштирилмаган чўл ерларга ёш мутахассис сифатида ишга борди. 1956 йилда Мирзачўлни ўзлаштириш тўғрисида фармон чиқарилди ва олий ўқув юртларини битирган барча мутахассис ёшларни чўл ерларга ишлашга чақиришди. К. Наджимутдинов 7 йил давомида Боявут ва Янгиер туманларида шифокор-ординатор, бўлим мудири, туман шифохонаси бош шифокори, туман тиббий-санитария бошқармаси бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича муовини, кейинчалик ушбу бошқарманинг бош шифокори лавозимида ишлаган. Мирзачўлда дашт ерларни ўзлаштиришнинг оғир йилларида инсонлар саломатлигини сақлаш ва касалликлар профилактикасида эришган ютуқлари учун у халқнинг ҳурматига сазовор бўлди ва “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
1962 йил декабрда К. Наджимутдинов Тошкентга қайтиб келди ва Ўзбекистон Фанлар Aкадемиясининг Ўсимликлар кимёси илмий-тадқиқот институтининг аспирантурасига ўқишга кирди ва Ўзбекистон ва Марказий Осиёда ўсувчи доривор ўсимликлар ва улардан олинган доривор моддаларни ўрганиш бўйича тадқиқотларни бошлади. Илмий изланишлар олиб бориш ёш олимга чуқур таҳлил қилиш ва олинган маълумотлардан тегишли хулосалар чиқариш қобилиятини ўргатди. 1966 йилда «Aпогалантамин фармакологияси тўғрисида» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Aммо, К.Наджимутдиновда ўқув-тарбиявий ва педагогик фаолиятга мойиллик кучли эди. Шу сабабли, 1966 йилда у Тошкент тиббиёт институти фармакология кафедрасида ассистент лавозимида ишлай бошлади. 1967 йилда у ушбу кафедранинг доценти, 1974 йилда эса фармакология ихтисослиги бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилди ва профессор унвонига сазовор бўлди. Шундай қилиб, у 16 йил давомида профессор Н.Н.Компанцев ва И.К.Комилов каби таниқли фармакологларнинг раҳбарлиги остида ишлади ва яхши мактабдан ўтди.
1982 йилда тиббиёт муассасаларининг ўқув дастурларига янги фан – клиник фармакология киритилди. Ўша вақтларда ушбу йўналишда мамлакатимизда тиббиёт фани ғарб мамлакатларидан орқада қолган эди. Даволаш самарадорлигини оширишга қодир юқори малакали шифокорларни тайёрлаш учун ушбу фанни жорий этиш зарур эди. К.Наджимутдинов ташаббуси билан тиббиёт таълимига клиник фармакология киритилди. Унинг ташаббуси билан, ҳатто клиник фармакология ўқув дастурига киритилгунга қадар, 1980 йилда ички касалликлар кафедрасида махсус курс ташкил этилди. Ушбу вазифани амалга оширишда институт ректори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор У.A.Aрипов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси РA Каценович ва курс раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Н.Т.Тулагановлар томонидан катта ёрдам кўрсатилди.
1982 йилда Тошкент Давлат тиббиёт институтида Клиник фармакология кафедраси ташкил этилди. Кафедра мудири этиб профессор К.Н.Наджимутдинов тайинланди. Кафедрага тажрибали фармаколог ва терапевтлар – доцентлар Н.Г.Бабаева, Р.И. Усмонов, П.С. Кац ва бошқа ёш истеъдодли мутахассислар таклиф қилинди, кафедра учун янги ТошМИ клиникаси ҳудудида 60 ўринли умумий терапия бўлими база сифатида ажратилди. Кафедра зарур ўқув қуроллари ва жиҳозлар билан таъминланди. Қисқа вақт ичида Клиник фармакология кафедраси институтнинг етакчи кафедраларидан бирига айланди ва илмий изланишлар бошланди.
Профессор К.Н.Наджимутдинов ўз атрофида меҳнатга лаёқатли жамоани йиғди ва Ўзбекистонда клиник фармакологлар «мактаби» ни яратди. Кафедрада ўқув-услубий жараённи янада такомиллаштириш билан бир қаторда клиник фармакологиянинг амалий жиҳатлари бўйича кенг илмий тадқиқотлар бошланди. Шуни таъкидлаш лозимки, ўзбек клиник фармакологлари «мактаби» бир қатор илмий соҳаларда биринчилардан бўлган. Ўтказилган тадқиқотлар натижасида кўплаб касалликларни даволаш самарадорлигини оширишга қаратилган амалий тиббиётга янги усуллар киритилди, докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди, ихтироларга патент олган, услубий тавсиялар берилди, кўплаб илмий мақолалар нашр этилган.
К.Наджимутдинов институтда кўп йиллик фаолияти давомида ўқув-услубий фаолиятнинг асослари ва моҳиятини пухта эгаллаб, ушбу фаолиятнинг моҳир ижрочиси ва ташкилотчиси, кўплаб ёш ходимлар учун устоз бўлди. Кафедра мудири, факултет декан муовини, декан, ўқув ишлари бўйича проректор, ўқув ва услубий ишлар сифатини назорат қилиш ҳайъати раиси лавозимларида ишлаганида у ўзини ажойиб ташкилотчи сифатида кўрсатди. Тошкент тиббиёт институтида ўқув жараёнини шакллантириш ва ривожлантиришда К.Наджимутдиновнинг хизматлари жуда катта.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилингандан сўнг, таълим соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш даврида К.Наджимутдиновнинг «Таълим тўғрисида» ги Қонун, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури», тиббий таълимнинг янги концепцияларини ишлаб чиқишдаги улкан хизматларини таъкидлаш лозим. К.Наджимутдинов Ўзбекистон тиббиёт институтлари ректорлари Кенгаши аъзоси, ушбу Кенгаш проректорлари ҳайъати раиси ва ўқув бўлинмалари раҳбари сифатида “Шифокор касбий тавсифномаси”, ўқув режалар, ўқув дастурлар каби меъёрий ҳужжатларни яратиш ташаббускори ва ташкилотчиси бўлган, шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртларида магистратура ташкил этилишидаги «магистратура тўғрисида”ги Низом, магистратура ўқув режалари ва намунавий дастурларини яратишдаги хизматлари беқиёсдир.
К.Наджимутдиновнинг илмий изланишлардаги ютуқлари ҳам улкан. Унинг шогирдлари билан биргаликда 30 йил давомида олиб борган илмий ишлари тиббиётнинг энг долзарб муаммоларидан бири – монооксигеназа ферментлар тизими (МОС)нинг фундаментал ва биокимёвий аҳамияти, унинг организм ҳаётидаги, шунингдек, турли хил касалликларнинг ривожланишидаги аҳамиятига бағишланган. У МОСнинг фундаментал асосларини ўрганиш билан чекланиб қолмасдан, олинган натижаларни клиник амалиётга тадбиқ этиш билан ушбу муаммонинг амалий жиҳатларини ўрганишни бошлади ва муҳим илмий ва амалий натижаларга эришди. Кўп ўтмай, МОС муаммоси нафақат клиник фармакологлар, биокимёгарлар, патофизиологлар, балки бошқа клиник соха мутахассисларини ҳам қизиқтирди, шундан сўнг республикамизда МОС муаммолари бўйича К.Наджимутдинов номи билан боғлиқ мактаб пайдо бўлди.
Олимнинг илмий фаолиятидаги яна бир муҳим ютуқ МОС индукторларининг ўпкада сурфактант синтези ва секрециясига таъсир кўрсатадиган хусусиятларини аниқлашдир. МОС индукторларининг ушбу хусусияти кашф этилиши пулмонологлар, акушер-гинекологлар, неонатологлар ва педиатрларга даволаш самарадорлигини оширишга ёрдам берди ва янги илмий тадқиқот лойиҳаларига йўл очди. Тадқиқотлар натижасида олим ва унинг шогирдалари томонидан 7 та докторлик ва 31 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди, монографиялар, 140 дан ортиқ илмий ишлари нашр этилди, 15 та патент ва муаллифлик гувоҳномалари олинди, бир қанча амалий тавсиялар чоп этилди, бензоналнинг янги фармакологик хоссалари ва унинг тиббий амалиётга татбиқ этилиши бўйича Фармакологик қўмитасининг якуний қарори қабул қилинди.
К. Наджимутдинов фаолиятининг яна бир ўзига хос қирраларидан бири бу унинг юқори ташкилотчилик қобилиятидир. Шу сабабли бўлса керак, институтда у ҳар доим энг муҳим тадбирларни амалга оширишда қатнашган. Кафедрада жуда банд бўлишига қарамай, ўқув ва илмий ишларда у барча соҳаларда ўз вазифаларини мукаммал бажара олди. Шу сабабли 1967-1971 йилларда у даволаш факултети декан муовини ва чет эллик талабалар раҳбари, 1974-1980 йилларда стоматология факултети декани, 1980-1987 йилларда даволаш факултети декани, 1990-2000 йилларда Биринчи Тошкент тиббиёт институтининг ўқув ишлари бўйича проректори лавозимларида ишлаган, 2000 йилдан институт ректорининг маслаҳатчиси этиб тайинланган.
К. Наджимутдинов деярли 20 йил давомида институтнинг ўқув-услубий ишларни назорат қилиш ҳайъатини бошқарган, 17 йил давомида ихтисослашган Илмий кенгашнинг раиси бўлган, бир неча бор институт қабул ҳайъати ишини ташкил этган.
Устознинг оилалари ҳам ҳавас қилгулик ибратли шифокорлар оилаларидан биридир. Фарзандлари ҳам оталари касбини эгаллаб, тиббиётнинг турли соҳаларида улкан муваффақиятларга эришдилар, хусусан, устознинг тўнғич фарзандлари – Дилором Наджимутдинова, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Республикада етакчи эндокринолог мутахассис, Тошкент тиббиёт академияси 2-сон ички касалликлар кафедраси профессори, иккинчи фарзандлари – Дилбар Наджимутдинова, тиббиёт фандлари доктори, профессор, Республикада етакчи акушер-гинеколог мутахассис, Тошкент тиббиёт академияси 2-сон акушерлик-гинекология кафедраси мудири, кенжа қизлари – Раъно Махкамова тиббиёт фанлари номзоди, доцент, оталари изидан бриб, клиник-фармаколог мутахассислиги бўйича фаолият юритади.
Камаридин Нажимиддинов, талабчан рахбар шу билан бирга шогирдлари ходимларига жуда мехрибон, ок кўнгил камтарин инсон эдилар. Устознинг шогирдлари улар бошлаган ишларнинг изчил давомчиларидир, жумладан профессорлар Усманов Р.И. Мавлянов И.Р. Якубов А.В., Зуфаров П.С., Мусаев М.У. Каримов М.М. ва бошкалар Ўзбекистонда клиник-фармакология фани ривожига ўз хиссаларини қўшганлар.
Устозимиз ҳаёт бўлганларида бугунги кунда 90 ёшга кирган бўлардилар.
Хулоса қилиб шуни таъкидлашни истардимки, профессор К.Наджимутдинов қайси йўналишда ишламасин, у ҳар доим ишни қандай ташкил этишни билар эди, натижада унинг фаолияти нафақат кафедра ва институт, балки республика учун ҳам жуда муҳим бўлган илм-фан ривожи, ўқув-услубий, ташкилий ва тарбиявий ишларни такомиллаштириш учун ҳам муҳим натижаларга олиб келди. К.Н.Наджимутдинов шогирдларининг ва у билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлганларнинг барчасининг катта меҳр-муҳаббатига ва ҳурматига лойиқ эди. У камтарлиги, юксак одаб-ахлоқлилиги, адолат туйғуси, зиёлийлик ва билимдонлик, қалб кенглиги ва меҳрибонлиги билан ажралиб турарди.
ТТА клиник фармакология кафедраси доценти Д.С.Акбарова
Add Comment