Yangiliklar

“БИЗ – ГИЁХВАНДЛИККА ҚАРШИМИЗ!”

“БИЗ – ГИЁХВАНДЛИККА ҚАРШИМИЗ!”

(Талаба-ёшлар ўртасида “Гиёҳвандлик моддаси ва унга қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтириш” мавзусида ўтказилган профилактик тадбир)

   2016 йилнинг 27-октябр санасида Тошкент тиббиёт академиясида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази ходимлари Жалолов Ҳ.Г, Рўзимуродов Б.Г, Шаҳар Наркология диспансери нарколог-шифокор Абдуалиева Н.К,  Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлиги масъул ходими Эшов Х.Х, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ходими Алимбоев Ж. Шунингдек даволаш, тиббий педагогика, тиббий профилактика, тиббий биология, Олий малакали хамшира факультети Маънавият ва маърифат ишлари бўйича декан муовинлари ва талабалар  (350 нафар талаба-ёшлар) иштирокида профилактик тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир “Гиёҳвандлик моддаси ва унга қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтириш”га бағишланган видео лавҳа билан бошланди. Видео лавҳада дунё миқёсида наркобизнес савдоси, айниқса Афғонистон, Колумбия каби давлатларнинг бу бизнесда тутган ўрни, шунингдек наркотик моддаларнинг Ўзбекистонга ноқонуний йўллар орқали кириб келаётгани тасвирланган. Тадбирни ТТА Маънавият-маърифат ишлари бўйича проректор  Т.А.Бобомуратов очиб бердилар, жумладан: “Ҳозирги кунда гиёҳвандли  к бутун дунёда долзарб мавзулардан бирига айланди. Ҳеч бир инсон гиёҳванд бўлиб туғилмайди.  Кишиларнинг, айниқса, ёшларнинг наркотик моддалар истеъмолига ружу қўйишининг олдини олишда оиладаги соғлом ижтимоий-маънавий муҳит муҳим аҳамият касб этади. Ёшларни турли зарарли оқимлардан ҳимоялаш, уларни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, спортга жалб этиш ишлари  нафақат оиланинг, қолаверса барчамизнинг муҳим вазифаларимиздан биридир”.

Дастлаб сўз навбати  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-маркази масъул ходими Ҳ.Г Жалоловга  берилди.

“БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 250 млн.га яқини таъқиқланган гиёҳвандлик воситаларини ҳаётида ҳеч бўлмаса бир маротаба истеъмол қилган ёки 15 дан 64 ёшгача бўлган аҳолининг 20 тадан 1 тасига тўғри келади. 29 млн.га яқин аҳоли героин ва кокаин моддаларга қарам бўлган “муаммоли гиёҳвандлар”дир.

Шундан, 12 млн киши наркотик моддаларни инъекция йўли билан истеъмол қилган. ОИТС га чалинган беморларнинг 1,6 млн.ни наркотик моддаларни инъекция йўли билан истеъмол қилган. Бугунги кунда, гиёҳвандларнинг 6 млн.ни Гепатит “С” касали билан яшайди.

2013 йилдан буён наркотик моддаларнинг суистеъмоли натижасида турли хил касалликларга чалиниш оқибатида 12 млн киши ҳаётдан кўз юмган. Уларнинг 8 млн нафари опий гуруҳидаги наркотиклар истеъмолчиларидир. Яна бир хавф солаётган муаммолардан бири, бу сўнгги йилларда ҳорижий давлатларда синтетик гиёҳвандлик воситаларини чекиш йўли билан ўз организмини заҳарлаш кенг миқёсда, айниқса ўсмирлар ва ёшлар орасида, авж олаётганлигидир. Ҳозирги кунда, синтетик гиёҳвандлик воситалари туркумига кирувчи «Курительные миксы», «Арома миксы» ва «Спайс» номли брендлар истеъмолчилар орасида оммалашиб бормоқда. Ушбу воситалар асосан Хитой ва Россия мамлакатларида ишлаб чиқарилмоқда ва интернет-манбалари орқали тарқалмоқда. Ушбу воситаларнинг таркиби, синтетик каннабиоидлар, психоактив ҳусусиятга эга ўсимликлар комбинацияси, шунингдек, турли балласт кимёвий тўлдирувчилардан иборат”.

Шундан сўнг сўз Тошкент Шаҳар Наркалогия диспансери шифокори Абдуалиева Н.К га берилди. “Наркотик диспансерларида асосан 3 та касаллик даволанилади гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, токсикомания. Минг афсуски ҳозирги кунда бу касалликлар билан касалланиш тобора ортиб боряпти, айниқса ёшларнинг гиёҳвандлик иллатига берилиб қолаётганлиги. Наркотик моддаларни асосан чекиш, ҳидлаш, инъексия йўллари орқали юборилади. Айниқса гуруҳ–гуруҳ бўлиб наркотик моддалар қабул қилаётган одамлар орасида ОИВ инфекцияси билан касалланиш кўпроқ учрайди. Бундай одамлар 3 йилгача диспансер назоратида бўлади. Наркоманияни даволаш диспансернинг асосий вазифаси ҳисобланади. Тошкент тиббиёт академияси Олий маълумотли ҳамшира факултети 1-босқич талабаси Қурбонова Н. сўзга чиқиб ўз нутқида гиёҳвандлик ўзи нима эканлиги ва биз ёшларга унинг салбий таъсири ҳақида ўз фикрларини баён этди.

Шунингдек  Олий маълумотли ҳамшира факултети 1-босқич талабаси Эркабоева Ш. “SPICE“ қандай тайёрланиши ва уни қабул қилганда қандай белгилар намоён бўлиши ҳақида сўради. Тадбир давомида талабалар ўзларининг қизиқтирган саволларини тарғибот гурухига бериб, етарлича жавобларни олишди.

Талабалар ушбу тадбирдан жуда катта таассурот ва керакли билимларни олишиб, келажакда уларни ўз тенгдошларига хам етказиш мақсадини қўйдилар.

ТТА маънавият бўлими

Фотолавҳалар: