Yangiliklar

Тадбир бўлиб ўтди

ТТА магистратура бўлимида: “Одам савдоси – чегара, худуд ва миллат танламайди”  ва “Жиноятчиликка қарши кураш ва хуқуқбузарликни олдини олиш” га қаратилган иккита тадбир бўлиб ўтди.

 Жорий йилнинг 22 ноябр санасида ТТАқошидаги лицей залида магистратуранинг жами 320 нафар 1-3 босқич магистрантлари иштирокида “Одам савдоси – чегара, худуд ва миллат танламайди” мавзусида профилактик тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни Тошкент тиббиёт академияси Маънавий-маърифий ишлари бўйича проректори Т.А.Бобомуратов кириш сўзи билан очиб, кун тартибидаги мавзу билан тадбир иштирокчиларини таништирдилар. Кейин, ТТА магистратура бўлими бошлиғи А.А.Имамов эса тадбирдан кўзланган асосий мақсад, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларни тўғри йўлдан оздиришга ҳаракат қилаётган турли бузғунчи ғояларга қарши, айниқса, одам савдоси ва унинг салбий оқибатларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, зарур вақтда ана шундай кучларга қарши  маърифат илми билан қарши курашишни кераклигини тушунтиришдан иборат эканлигини таъкидлаб, Тошкент тиббиёт академиясида ҳам бу борада кўпгина амалий тадбирлар ўтказиб келинаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг сўзга Тошкент меҳнат миграцияси масаласи агентлиги ходими Х.Орипов чиқиб, Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазирлигининг “Одам савдосига қарши курашиш ишлари самарадорлигини ошириш борасида Республика Идоралараро комиссиясининг 2015-2016 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ижросини таъминлаш бўйича Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасаларида ўтказиладиган давра суҳбатлари жадвали” асосида олиб борилаётган тадбирлар кўлами хақида таништириб ўтди.

Дунё яралибдики, тинчлик-осойишталик инсоният учун тенгсиз неъмат бўлиб келмоқда. Чунки, биринчи галда осуда ҳаёт, яратувчан меҳнат ва фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби энг аввало шу неъматга боғлиқ.  Аммо азалдан яхшилик билан ёмонлик, эзгулик билан ёвузлик каби нисбий кучлар бўлганидек, инсон  ҳаётига рахна солувчи офатлар ҳам мавжуд. Улардан бири эса ҳозирда дунё давлатларини ташвишга солаётган ва ҳозиргача ечимини топмай келаётган одам савдоси эканлиги таъкидланди.  Тадбирда одам савдосини олдини олиш, унинг салбий оқибатлари нафақат бир фуқаро, оиала балки бутун бир халқнинг гено фондига салбий таъсир кўрсатишини назарий ва амалий мисоллар орқали билдириб ўтилди. Тадбирда Академияда тахсил олувчи талабалар ўзларининг қизиқтирган саволлари ва одам савдосининг олдини олиш бўйича ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

ТТА магистратура бўлими бошлиғи АА.Имамов одам савдоси тўғрисида тўхталар экан: инсон ҳаёти, унинг эрки, қадр – қимматини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Шундай экан нега энди у қулликка ва хўрликка маҳкум бўлиши керак?! Бизни ўйлантираётган муаммо ҳам худди мана шунда. Бугунги кунда одам савдоси дунё бўйича глобал муаммога айланган бўлса ҳам, “Бу нарса мен билан содир бўлмайди”, дея фикрлайдиган  инсонлар қандай қилиб унинг домига тушиб қолганларини ўзлари ҳам билмай қолмоқдалар.

          Тошкент тиббиёт академияси профессори Д.Т.Норқулов ўз маърузасида қуйидагиларга аҳамият берди. Статистик маълумотларга  кўра бир йилда дунё бўйича 2 миллион 800 мингдан ортиқ инсонлар одам савдоси жабрдийдасига айланишади. Энг ачинарлиси, бу статистик маълумотларнинг катта қисми ёшларга тенг келгани хар бир инсонни, ёшлар билан янада тарбия жараёнини оширишга ундаши, огохликни кучайтиришга бор этиборини қаратиши лозимлигини такидлаб ўтдилар.

Энг муҳими, онг ва тафаккуримиз ўзгариб, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида халқимизнинг шахсий, умуммиллий мақсадлар муштараклигига ҳамда ғоявий бирликка интилиш ҳисси уйғонди. Бироқ, бизнинг мустақил юксалиш натижаларимизни кўра олмайдиган, маънавий қадриятларимизни қадрсизлантиришга қаратилган ғоявий таҳдидлар ҳамон  давом этмоқда. Маданиятсиз ва инсоний хислатларини йўқотган ашаддий жиноятчилар  қабиҳ ишга қўл уришлари ҳамда ҳозирги кунларда терроризм янги шакл олиб, энг замонавий қуроллардан фойдаланиш орқали қабиҳ ниятларини амалга ошираётганликлари” – ҳақида гапирди.

Тадбир давомида одам савдоси билан боғлиқ фильм намойиш этилди.

Тадбир сўнгида талабалар томонидан берилган саволларга мутахассислар тушунарли ва огоҳликка даъват этган ҳолда жавоб бердилар.

Шу куни №3-сон талабалар турар жойидаяшовчи магистратура талабалари билан «Жиноятчиликка қарши кураш ва хуқуқбузарликларнинг олдини олиш» борасида давра суҳбати бўлиб ўтди.  Давра суҳбатида Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасидан “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси милитция бошлиғи Ш.В.Мирзажонов, “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси хокимияти вакиллари Б.Асадов, З.Саъдуллаевлар ва Тошкент тиббиёт академияси Маънавий-маърифий ишлари бўйича проректори Т.А.Бобомуратов, магистратура бўлими бошлиғи А.А.Имамов, ТТА ТТЖ дирекцияси директори М.Холмурадов ва бошқа масъуллар иштирок этдилар.

Давра суҳбатида аввало хозирги шароитда  яқинлашиб келаётган 4-декабр Президенти сайловининг аҳамияти тўғрисида йиғилганларни таништириб ўтдилар ва бу борада ёшлар ўртасида авж олиши мумкин бўлган одам савдоси, диний экстремизм ва терроризм, гиёҳвандлик, “оммавий маданият” каби турли ҳил бузғунчи ғоялардан огоҳ бўлиш хақида айтиб ўтилди.

Қизғин суҳбатдан сўнг Тошкент тиббиёт академияси ТТА магистратура бўлими бошлиғи А.А.Имамов тадбир қатнашчиларига миннатдорчилик билдириб, бу каби давра суҳбатларини тез-тез ўтказиш фойдадан ҳоли бўлмаслигини таъкидлади.

ТТА маънавият ва маърифат бўлими

Фотолавҳалар: