1 tashabbus 5 ta muhim tashabbus Bo'lim yangiliklari Yangiliklar

УМРБОҚИЙ АСАРЛАР СОҲИБИ

Катта истеъдод аввал халқ эътиборини сўнг меҳр-муҳаббатини ва ниҳоят халқ эътиқодини қозонади. Ана шундай ўткир қалам соҳиби, миллионлаб китобхонларнинг севимли адиби Ўткир Ҳошимов чин маънода адабиётимиз осмонидаги чақноқ қуёш эди.

Ўзбек адабиёти  ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли адиб ва жамоат арбоби Ўткир Ҳошимовнинг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний  қадриятларга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасидаги ижодий меросининг улкан аҳамиятини инобатга олинмоқда. Жорий йилнинг 2 декабрь куни Президентимизнинг адиб таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш, хотирасини абадийлаштириш мақсадида “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра,  2021 йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш борасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва жамоатчилик вакиллари қатор устувор вазифаларни белгилаб олдилар.

2021 йил август ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечасини ўтказиш ишларини амалга оширилиши, адибнинг ўзбек тилидаги «Танланган асарлар»ини қорақалпоқ, рус ва бошқа хорижий тилларга таржима қилинган асарларини, шунингдек, «Ўткир Ҳошимов замондошлари хотирасида» китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ишлари жадаллик билан йўлга қўйилиши белгиланди. Жумладан, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Дўмбиробод маҳалласидаги адиб яшаган уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш, Ўткир Ҳошимовнинг асарлари асосида спектакллар саҳналаштириш ва янги фильмлар яратиш, пойтахтимиздаги кўчалардан бирига Ўткир Ҳошимов номини бериш, республика ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида «Ўткир Ҳошимов асарларининг билимдонлари», мамлакатимиздаги умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида адиб асарлари асосида иншолар танловларини ўтказиш ишлари белгилаб ўтилди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов мустақил Ватанимизнинг адабиёти ва маънавий хазинасига салмоқли ҳисса қўшган ижодкордир. Қарийб эллик йил давомида турли тилларда икки ярим миллионга яқин нусхада чоп этилган етмишдан ортиқ китоби адибни халқимизнинг ардоқли фарзандига айлантирди.

Шу пайтгача ёзувчининг “Пўлат чавандоз”, “Гунафша”, “Одамлар нима деркин…”, “Бир томчи шудринг”, “Баҳор қайтмайди”,  “Қалбингга қулоқ сол”, “Узун кечалар”,  “Нимадир бўлди” , “Ер фарзандимиз”, “Нур борки, соя бор”, “Қуёш тарозиси”, “Дунёнинг ишлари”, “Сирли юлдуз”, “Икки эшик ораси”, “Хазина”, “Икки карра икки беш”, “Нотаниш орол”, “Изтироб”, “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асарлари халқимиз орасида севиб ўқилиб, китобхонлар эътибори ҳамда эътирофига сазовор бўлган асарлардир. Ҳар бир асарга кўз югуртирар эканмиз унда инсон қадри, обрўси, миллат шаъни, ғурур, чин инсоний ғоялар тараннумини қалбан ҳис этамиз.

Истеъдод пиллапояларини забт этган, ўткир қалам соҳиби, буюк адиб Ўткир Ҳошимов асарлари асрлар давомида ўзбек адабиётининг ўчмас дурдонаси бўлиб қолажакдир. Адибнинг бой мероси келажак авлод учун муҳим маънавий сабоқ эканлиги барчамизга маълум. Инсон қалби бунёдкори, нодир сўз устаси Ўткир Ҳошимов ижодий мероси умрбоқийдир.

 

Нигора ҲАКИМОВА,

Тошкент тиббиёт академияси академик лицейи

 маънавият ва маърифат ишлари бўйича

 директор ўринбосари

About the author

Shafoat Beknazarova

Add Comment

Click here to post a comment

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.