Bo'lim yangiliklari Yangiliklar

Орзулари бисёр эди……

Навқирон Жиззах вилоятининг сўлим Бахмал туманида 1972 йил 19 апрелда туғилиб, улғайган Хасан Абдусаматович Маматқуловнинг болалик орзуси шифокор бўлиш эди. Бу қутлуғ орзу уни 1990 йили 1-Тошкент Давлат Тиббиёт Институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси) га ўқишга етаклади. Институтда ўқиган йилларида ҳам у билимга чанқоқлиги, барча фанларни қизиқиш ва иштиёқ билан ўзлаштириши билан бошқа курсдошларидан ажралиб турарди. Шу билан бирга фаол талаба сифатида   ҳам тенгдошлари ва устозларининг ҳурматини қозонганди.

У 1996 йили 1-ТошДавТИнинг даволаш факультетини тамомлагач, 1996-1998 йиллари “ички касалликлар” бўйича клиник ординатурада, 1998-2001 йиллари аспирантурада таҳсил олди. Илмга чанқоқ бўлғуси олим 2001 йилда професор Аляви А.Л. раҳбарлигида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Ёш мутахассисни институт ректорати катта ишонч билдириб, 2001 йилдан институтнинг факультет ва госпитал терапия кафедрасида ассистентлик лавозимида олиб қолди. Ўша йилдан бошлаб иқтидорли Хасан Абдусаматовичнинг илмий педагоглик фаолияти бошланди. 2009 йилдан бошлаб эса доцентлик лавозимида фаолият кўрсатди. Талабаларга   факультет ва госпитал терапия фанларидан чуқур билим бериш билан бир қаторда ёш олим миокард инфаркти ўтказган беморларда чап қоринча структурасининг қайта тузилиши бўйича илмий изланишлар ҳам олиб борди ва шу мақсадда 2009-2011 йиллари ўз илмий ишини докторантурада давом этдирди ва 2011 йилнинг декабрида “Диагностика, прогнозирование, фармакотерапия обратимой дисфункции и ремоделирование левого желудочка после острого инфаркта миокарда” мавзусида докторлик диссертациясини муваффаққиятли ҳимоя этди.

Х.А.Маматқулов 2012 йилдан 2015 йилгача Тошкент тиббиёт академиясининг тиббий педагогика факультетининг факультет ва госпитал терапия, халқ табобати ва стоматология факультетининг ички касалликлар кафедраси мудири лавозимида фаолият кўрсатди.

Хасан Абдусаматович Маматқуловнинг педагогик фаолияти ўз моҳиятига кўра ижодий характерга эга эди. Маълумки, педагогик ижодкорлик манбаи-бу педагогик тажрибадир. Ҳозирги замон фан ва техника тараққиёти ўқитувчининг ижодкор бўлишини, фан ютуқларини талабага етказа олиши ва ниҳоят талабани ҳам ижодий фикрлашга, илмий-тадқиқот ишларини ўргата олишни талаб қилади. Олим  бошчилигида кафедранинг ходимлари  факультет ва академия миқёсида таълим-тарбия сифатини оширишга, таълим тизимида илғор замонавий педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этишга, илмий салоҳиятни оширишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди.

2015 йилда Хасан Абдусаматовичга яна бир юксак ишонч билдирилиб, у киши Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиалига директор этиб тайинланди. Бу вазифада фаолият кўрсатиш мобайнида унинг моҳир   ташкилотчи, билимдон мутахассис, талабчан устоз сифатида кўп қирралари очилди: филиалнинг моддий-техника базаси яхшиланди, илмий изланишлар кенгайди, таълим-тарбия сифати яхшиланди. Маъсулиятли вазифада ишлаш баробарида Хасан Абдусаматович кўплаб илмий ишларни амалга оширди, жумладан у 150 га илмий ишларнинг: хорижий ва республика миқёсидаги   илмий мақолаларнинг, тезислар, патентлар, услубий тавсияномалар, ўқув-услубий қўлланмаларнинг муаллифи эди.

2017 йилдан Хасан Абдусаматович амалий ишга ўтиб, Тошкент шаҳридаги “JACKSOFT MDS” хусусий клиникасида беморлар дардини енгиллаштиришга, улар соғлиғини тиклашда зукко кардиолог сифатида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда эди, аммо COVID-19 коронавирус касаллиги туфайли 2020 йил июль ойида бевақт ўлим орзулари ўзи каби беғубор бўлган Хасан Абдусаматовични навқирон ёшда орамиздан олиб кетди.

Унинг орзулари бисёр эди: у кўплаб шогирдлар тайёрлаш, илмий изланишлар кўламини кенгайтириш, юрак қон-томир касалликларнинг олдини олиш учун бир қатор вазифаларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди….

Иқтидорли олимнинг оиласи ҳам ҳавас қилгулик ибратли оилалардан бири эди. Унинг турмуш ўртоғи ҳозирда Яккасарой туманидаги 8-туғруқ мажмуасида  акушер-гинеколог сифатида фаолият кўрсатаётган Фаридахон  турмуш ўртоғини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан биргаликда улар бир-биридан ширин, солиҳ тўрт фарзандни  тарбиялаб келишаётган эди.

Бу фарзандларнинг учтаси ота-оналари касбини танлашди. Ҳозирда тўнғич фарзанд Аброржон ва катта қизлари Ирода Тошкент тиббиёт академиясининг даволаш факультетида грант асосида ва кичик қизлари   Гулчеҳра Тошкент педиатрия тиббиёт Институтида таълим олиш баробарида

Хасан Абдусаматовичнинг амалга ошмаган ниятларини рўёбга чиқарувчи, унинг фаолиятини келгусида давом эттирувчи ақлли, зукко фарзандлар бўлиб улғаётганлиги кўнгилларга бир оз бўлсада таскин беради….

Ёш бўлсада, аммо, ўзининг серқирра фаолияти туфайли ўзи фаолият кўрсатган Тошкент тиббиёт академияси ва “JACKSOFT MDS” хусусий клиника шифокорлари жамоаси хотирасида бутун умри мазмуни ўз касбига садоқат, ҳурмат билан йўғрилган Хасан Абдусаматович Маматқуловнинг   порлоқ ёди сақланиб қолади….

Зотан, яхшилар ёди, улар хотираси муқаддасдир….

Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Т.А.Бобомуратов

2-сон факультет ва госпитал терапия кафедраси катта ўқитувчиси

Ш.А.Қодирова

 

 

 

About the author

Shafoat Beknazarova

Add Comment

Click here to post a comment

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.