5 ta muhim tashabbus Bo'lim yangiliklari Yangiliklar

ҚАДРИНГИЗНИ ТУТГАЙМИЗ ҲАМИША ОСМОН, ЭҲТИРОМ, ҲУРМАТДА БЎЛГАЙМИЗ ҲАР ОН!

6 май куни  Тошкент тиббиёт академияси Маънавият залида Истеъфодаги тиббий хизмат подполковниги, Қуролли Кучлар фаҳрийси, Соғлиқни сақлаш аълочиси, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси Искандар Раҳмон учрашув ташкил қилинди. .

Учрашув давомида Искандар Раҳмон урушнинг захматли йилларида бошидан кечирган машаққатлари ҳусусида йиғилганларга сўзлаб берди.

Искандар Раҳмон 1937 йил 20 октябрда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1955 йили Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Облиқ қишлоғида ўрта мактабни тугатгач, Тошкент Давлат Тиббиёт Институти (ҳозирги Тошкент Тиббиёт Академияси) нинг даволаш факултетида таҳсил кўрди, 1961-1987 йилларда Қуролли Кучлар сафида ҳарбий шифокор бўлиб хизмат қилди.

Дастлабки адабий сабоқларни Ўзбекистон халқ шоири Домла Ғайратий, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров, таниқли адиблардан Ҳабиб Нўъмон, Саида Зуннунова, Носир Фозиловлардан олди. Кейинчалик Ўзбекистон халқ шоирлари: Пўлат Мўмин, Жуманиёз Жабборов, Муҳаммад Юсуф, Анвар Обиджон, Маҳмуд Тоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Назармат билан яқин ижодий ҳамкорликда ишлади, ўзи севган ва ихлос қўйган касби-корига садоқатини оқлади, эл-юрт дуосини олди, мартабасига мартаба қўшилди.

Унинг ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги йигирмадан зиёд насрий, назмий тўпламлари – «Меҳрибонлар», «Дардинг билан яшайман, дунё!», «Ўзбекистонлик шифокорлар уруш йилларида», «Оловли гулдаста», «Оқ либосли ҳалоскорлар», «Ҳарбий шифокор хазинаси», «Исми ЪЪҚЪЪ ҳарфли қариндош», «Асолат юлдузи», «Умр зарварақлари», «Шонли йўл сабоқлари», «Насафлик Дўхтирбобо» каби ҳужжатли қиссалар, ҳикоялар, очерклар чоп этилган. Шунингдек, «Йўллардаги гуллар», «Ўзбекистон аскарларимиз!», «Мард меҳри-Ватан меҳри», «Жоним фидо Ватанга!», «Мардлар қўриқлайди Ватанни!», «Баётларим-қанотларим», «Асра болам ўзингни!», «Болажоним, ҳушёр бўл!», «Ҳарбийча алифбо», «Ватанга қасамёд» номли тўпламлари шеърият мухлислари томонидан илиқ кутиб олинган.

Учрашув саволлар ва мухокамаларга бой бўлди. Қуйида захматкаш шоир қаламига мансуб бир жуфт шеьрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

 

  

ЎЗБЕКИСТОН ЁРҚИН ЮЛДУЗИ

Босганида ёв элимизни,

Тўсганида ғов йўлимизни.

-Халоскорим!- деди эл сизни,

Ўзбекистон ёрқин юлдузи-

Муқаддамхон Ашрафхон қизи.

 

Гоҳида сув, гоҳ қон кечдингиз,

Ватан, дея жондан кечдингиз.

Ёв устидан зафар қучдингиз,

Ўзбекистон ёрқин юлдузи-

Муқаддамхон Ашрафхон қизи.

 

Минг-мингларга бўлолдингиз жон,

Ва дардига дорию дармон.

Эй, табаррук, мўътабар инсон,

Ўзбекистон ёрқин юлдузи-

Муқаддамхон Ашрафхон қизи.

 

Искандар дер: босган изингиз

Шарафлидир, шонга тўлдингиз!

Эл олдида ёруғ юзингиз,

Ўзбекистон ёрқин юлдузи-

Муқаддамхон Ашрафхон қизи.

* * *

ХАЁЛИМДА ЯШАЙСИЗ

 Исмингиз унутганман, қора эди қошингиз,

Зулфингиз эса сунбул, мағрур эди бошингиз.

Ўн саккизми, ўн тўққиз – баҳор эди ёшингиз,

Сизни эслаб шеър битар жанговар сафдошингиз.

Хаёлимда яшайсиз, эй, меҳрибон ҳамшира

Изларингиз излайман, унутолмайман сира.

 

Ўт-оловлар ичидан бизни излаб топгансиз,

Гоҳи судраб, опичлаб, “медсанбат”га чопгансиз.

Ертўла, окопларда кўздай асраб боққансиз,

Кўксимизга ҳаётнинг гулларини таққансиз,

Ҳаёлимда яшайсиз, эй, меҳрибон ҳамшира,

Изларингиз излайман, унутолмайман сира.

 

Урушнинг жароҳати, яраси битмас ҳамон,

Қирғин деган офатни ер қари ютмас ҳамон.

Оналарнинг фарёди қулоқдан кетмас ҳамон,

Омон қайтганлар борки, сизни унутмас ҳамон.

Ҳаёлимда яшайсиз, эй, меҳрибон ҳамшира,

Изларингиз излайман, унутолмайман сира.

 

Кўз ўнгимдан кетмайди – ёшлик баҳор фаслингиз,

Ўғил, қизим, неварам эгаллашди касбингиз.

Ўзбекман, дер эдингиз, сўраганда, аслингиз,

Ҳамон доғда Искандар топмай исму жисмингиз.

Ҳаёлимда яшайсиз, эй, меҳрибон ҳамшира,

Изларингиз излайман, унутолмайман сира.

 

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими