Bo'lim yangiliklari Yangiliklar

ТТА талабалари «Ёш куч» журналида!

Хабарингиз бор, “Ёш куч” оммабоп журнали республикамиз ёшлари, нафақат, балки бутун халқимиз қалбидан кенг ўрин олган.

Ушбу нуфузли журналнинг 2016 йил ноябр ойидаги №11-2016 сонида бизнинг иқтидорли ва фаол Тошкент тиббиёт академияси талабалари “ЮРАК” мавзусида ўзларининг махсус интервьюлари билан чиқишди.

Зарбидан  титрар очун

Юрак, сенсан менинг созим,

Кўзимга ойни беркитдинг.

Юрак, сенсан ишқибозим…..

Бу оловқалб шоирнинг эътирофи, эҳтироми. Асли унинг оти кўп: юрак, кўнгил, қалб, дил… Бу хилқатдан ижодкорнинг миннатдорлиги бежиз эмас. Зотан , у туфайли аҳли қалам қувонч ва қайғуни ҳис қилади, изтироблардан роҳатланиб яшайди. Кўзларга қармоқ ташлаган ҳам, шууримизга шам янглиғ эриб сингаётган олов ҳам, нола ҳам….шу-кўнгил!

   Яна шундай соҳа вакиллари борки, уларга юракнинг  ҳайратий зарблари эмас, мароми муҳим. Тағин ким билсин…

Эътиборингизга ушбу интервьюларни бевосита ҳавола қиламиз:

Миробид  Миркамолов, Тошкент Тиббиёт Академияси 6-босқич талабаси

-Юрак! Баъзилар учун у кўксимизда уриб турувчи оддий аъзо. Дук-дуки ҳам тирикликдан далолат беради, холос. Ҳолбуки, яна кимларнингдир наздида у меҳр-муҳаббат, бахт-шодлик, қувонч, изтироб маскани.  Зарблари эса севги, соғинч ва ҳайратнинг бетизгин садолари…

Менга эса юракнинг ҳар зарби ҳаётнинг қувонч изтиробларидан огоҳ этувчи бонгдек туюлаверади. Улар ўзига хос сўз, оҳанг ва яна ҳеч ким англолмаган дард! Гапларим шоирона бўлиб кетдими? Ахир, ўзингиз ҳам юракнинг танадаги дардлардан дарак бериш хусусияти борлигини биласиз-ку. Ҳаёт билимдони бўлган киши юрак тепишини тинглаб, дунё ташвишларидан хулоса чиқарса, шифокор бу “дук-дук” лардан танадаги беҳаловатликлар изини топади. Асли ҳар иккиси бир эмасми?!

Назаримда, юрак зарблари инсон ёшига қараб турланиб бораверади. Болалигимда юрагимнинг улғайиш истаги билан дупурланаётганини сезардим. Ўсмирлик ёшига етганимдан сўнг эса унинг ёнига мен исмини билган ва билмаган бир қатор туйғулар ҳаприқиши ҳам қўшилди. Бугун-чи? Бугун юрагим қандай ураяпти? Ҳозир бир қанча асов ҳисларнинг зарблари камайган, унинг ўрнига ўзгалар дардини туйиш, ўзгаларнинг юрак зарбини эшитиш истаги, масъулиятли… Кундан-кун асовланиб бораётган юрак зарбларини ақл билан бўйсундиришга уринаётгандекман.

Абдурасулова Шаҳноза, Тошкент Тиббиёт Академияси 2-босқич талабаси

-Болалигимда  юракни мавҳум нарса деб ўйлардим. Ўша вақтлари орзуларим кўп эди. Уларга эришиш истаги, соғинч бисёр эди. Аммо мана шу соғинч, истак мен ўйлаган мавҳум юракнинг тепиши эканини қайдан билибман!

Улғайдим, орзуларим реаллашди, мен мавҳум деб ўйлаган юрак тинмай исён қила бошлади. Гоҳ туйғуларнинг, гоҳ ўткинчи ҳисларнинг жилосига учиб тинимсиз безовта этарди. Ана шунда юракнинг бекорга кўксимизга банди қилинмаганини англагандек бўлдим.

Ўзим қизиққан соҳа бўйича ўқишни бошлаганимдан сўнг … юрак ҳақида билмаганларим билганларимдан кўпроқ эканини пайқадим. У кўз олдимда энди муштумдай пайдо бўлди. Устозларим юракнинг топографияси, ишлаш механизми ҳақида батафсил тушунтириб беришди. Ана шунда мен билган ва мен энди билаётган юрак ўртасида фарқ бордек туюлди. Кўксимда тинимсиз исён қиладиган аъзонинг зарблари ўзга эди, устозларим ўргатаётган юрак… унинг уриши бошқа: бири ҳаётим мазмунини англатади, бири тириклигимнинг асосини.

Шоҳсанам  Раҳматова, Тошкент Тиббиёт Академияси 3-босқич талабаси

-Юрак зарблари! Меҳрдан, соғинч, севгидан… сўз очади. Қувончимиз, изтиробимиз акс садоси улар. Бошқаларга айтолмаган сирларимизни қучоғига яширадиган ҳам, кези келса сотиб қўядиган ҳам юрак, аслида. Ҳаётнинг тоғдай синовларига жимитдеккина ҳоли билан бардош беради.

Мен ўқишга кирмасдан олдин ҳам, кейин ҳам юрак ҳақидаги қарашларимда унчалик фарқ юз бермади. Кўксимдаги туйғулар ошён бўлган Дўстга ишончим орца ортдики, асло камайгани йўқ. Бу ишонч, айниқса, шифокор учун зарур деб биламан.  Беморнинг кўнглига йўл тополмаган, юрак зарби нималардан хабар бераётганини тушунмаган, тушуна олмаган шифокор соғайиш томон етаклайдиган йўлни ҳам кўролмайди. Беморга касалини даволайдиган шифокоргина эмас, кўнглини тушунадиган, суянчиқ бўладиган ҳамдам ҳам зарур.

Зиёда Комилова, Тошкент Тиббиёт Академияси 3—босқич талабаси

– Чамаси,  олти-етти ёшларда эдим. Бувижоним қўлларини кўксига қўйиб: “Болам, юрагим безовта қилаяпти, доримни бер” деди. Қизиқувчан қизчанинг минг битта саволларидан бири, албатта, шундай бўларди: “Бувижон юрак нима?”.  Бувижоним   қўлларимни кўксимга босарди-да, эринмасдан тушунтиришга киришарди: “У қип-қизил, худди пуфакка ўхшайди. Кимнидир соғинсанг, бировни хафа қилсанг ё биров сени хафа қилса, мана  шу пуфак худди ичига сув тўлгандек бўлади…”. Ана шу гаплар неча йиллар давомиди хаёлимда муҳрланиб қолган. Мен, ростдан ҳам, кўксимда ичига сув тўлаётган юмалоқ қизил пуфак борлигига ишонардим. Унинг зарбини эса томчилаётган сув деб ўйлардим, кейинчалик дунё, юрак ҳақидаги қарашларим ўзгарди. Ўқишга киргач эса , устозларим юракни тана аъзоси сифатида ўргата бошлади. Аммо… хаёлимда ҳамон бувимнинг гапи жонланаверади, ҳамон кўксимда суви тўлиб бораётган қизил шар борлигини ҳис этаман.  Юрак зарблари – томчи сувлар мени тинимсиз безовта қилади.

Маънавият ва маърифат ва
Иқтидорли талабалар бўлими

Фотолавҳалар: