Жорий йилнинг 23 сентябрь куни пойтахтимиз марказида қад ростлаган гўзал ва маҳобатли Адиблар ҳиёбонида “Зулфия ижод намуналарининг ёшлар онгига таъсири” мавзусида маънавият дарси ўтказилди.
Бу дилтортар гўша юртимиз ёшларининг энг севимли ҳиёбони, маънавият ва маърифат масканига айланиб бораётгани бежиз эмас. Бу туйғу бир ўзбек қизининг ўз ватани тарихи, меҳнаткаш халқининг бетакрор фидоийлари ҳаёти ва асрларга татигулик маънавиятига нисбатан чексиз эҳтироми рамзи ҳисобланади.
Куз ҳавосининг ёқимли нафаси хиёбонга янада чирой бахш этган. Юртимиз адабиёти ва санъатини юксакларга кўтарган шоир ва ёзувчиларимизнинг маҳобатли хайкаллари атрофи ёшлар ва адабиёт ихлосмандлари билан гавжум.
Тошкент тиббиёт академияси профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлари учун буюк шоирамиз Зулфияҳонимга эҳтиром кўрсатилиб, адибанинг хайкали пойида “Зулфия ижод қирраларининг ёшлар маънавий тарбиясига таъсири” мавзусида маънавият дарси ташкил этилди.
Маънавият дарси жараёнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси шоира Наргиза Асадова, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги маънавият ва маърифат маркази директори шоир Мирзоҳид Ботиров, ТТА Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Т.А.Бобомуратов ва Тиллар кафедраси катта ўқитувчиси А.Аслановлар сўзга чиқиб шоиранинг ҳаёт ва ижод йўлларидаги ўрнак бўлса арзигулик жиҳатлари тўғрисида сўз юритиб, унинг қаламига мансуб шеърларидан намуналар ўқидилар.
Даволаш факултети талабаси, Зулфияхоним издошлари клуби раҳбари Акбарова Лобар ўзи чизиб, ижод қилган Зулфияхоним портрети, расмларини намойиш этиб, севимли шоира шеърларини барчанинг эътиборига ҳавола этди.
Маънавият дарсига бўлғуси Зулфияхонимлар, ижод мактаби ўқувчиларининг ташриф буюриши жуда қувончли бўлди. Ёш қаламкашлар академия талабалари билан биргаликда шоиранинг ижод бўстонига саёҳат уюштирдилар.
Зулфияхоним – баҳор ва муҳаббат куйчиси
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими
Add Comment