Bo'lim yangiliklari Yangiliklar Zulfiyaxonim ijodini o'rganamiz

“Тил бор экан миллат барҳаёт”

2020 йилнинг 21 октябрь куни Тошкент шахрининг марказида қад ростлаган Адиблар ҳиёбонида Тошкент Тиббиёт академияси проректорлари, профессор ўқитувчилари, кафедра мудирлари, катта ўқитувчилар, Ёшлар иттифоқи етакчилари ва иқтидорли талабалар иштирокида “Тил бор экан миллат барҳаёт” деб номланган маданий-маърифий тадбир ташкил қилинди.

Ушбу маърифий тадбир давомида ТТА Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси А.Н.Сайдуллаев, Тиббий профилактика кафедраси декан муовини А.А.Раззоқов, Тиллар кафедраси катта ўқитувчиси А.Аслановлар томонидан ўзбек тилининг муқаддаслиги, миллатимизга қадрият сифатида шаклланганлиги, бугун миллат билан бирга яралиб, шонли тарихнинг барча сокин ва суронли даврларини миллат билан ҳамнафас босиб ўтиб, миллат дарду қувончига шерик бўлиб келаётган, Ватан янглиғ бепоён ва муқаддас, она каби мўтабар ва мунис, жон каби яқин ва азиз ўзбек тилимизнинг мақому мартабаси Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз бир йиллигини кенг нишонланаётгани билан яна бир карра юксалганлиги, эъзоз топганлиги ҳусусида фикр юритдилар.

Дарҳақиқат, ўзбек тили бугунги кунгача кўп минг йиллик тарихий тараққиёт йўлини мардонавор босиб келмоқда. Ўрхун-Энасой ёдгорликларидаги битиклардан тортиб ҳозирги давргача яратиб келинаётган илмий, адабий, маънавий-маърифий манбалар ўзбек тилининг шаклланиш ва ривожланиш тенденциялари, адабий ифодаси, маъно қатламлари, луғат таркиби тўғрисида атрофлича ва асосли маълумотлар бера олади. Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимлаётган мамлакатимизда она тилимиз равнақига ҳам алоҳида эътибор қаратилди, юксак эҳтиром кўрсатилди. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 31 йиллиги тантанаси арафасида халқимизнинг жон каби азиз ва бебаҳо қадрияти – ўзбек тилининг маънавий мақоми такомиллашди.

Тадбирда ТТАнинг 40 дан зиёд ижодкор талаба-ёшлари ҳамда профессор-ўқитувчилари томонидан Ўзбек тилини ифодаловчи монологлар, қўшиқлар ва саҳна кўринишлари намойиш қилдилар.

Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг сўзлари билан айтганда, “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинайи ҳаёти тил ва адабиётдур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. Дарҳақиқат, миллат тили билан миллат саналади. Ҳар бир миллатнинг давлатчилиги шаклланиши учун ўз тили, рамзлари, белгиланган чегаралари ва ватанпарвар халқи бўлиши лозим. Ўзбек халқи қарийб бир ярим асрдан кўпроқ давр мобайнида ўзга тил, ўзга миллат, ўзгача ғоя, ҳаттоки ўзга орзу билан яшади. Бироқ миллатнинг рухини “ўзга”лар синдира олмади. Қалбининг туб тубига яширинган мустақиллик умиди неча йиллик қурғоқчиликдан кейин ҳам яна баҳорда барқ уриб ўсадиган янтоқ мисоли куртак ёзди.

1989 йилнинг 19 октябр куни ўзбек тилига давлат тили мақомини беришдек ўта муҳим масала Олий Кенгаш сессияси муҳокамасига қўйилди. Қарийб бир асрлик қарамликдан сўнг мамлакатимизда 21 октябр куни ўзбек тилига давлат мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлмиш она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак. Ваҳоланки, олдингдан оққан сувнинг қадри бўлсин. Тилимиз қадрини шу тилда сўзлашга орзуманд, шу миллат фарзанди, бироқ шу мамлакат фарзанди бўла олмаган афғон шоири Ҳошим Ҳамдамнинг нолаларидан хис қилиш мумкин.

Бу кимнинг тили?

…Бу кимнинг тили?

Бу менинг тилим турк, ўзбекчаси туронлар тили,

Тоғларни эгириб эркин яшаган буронлар тили,

Бу менинг тилим,

Менинг хужжатим фахри конидир,

Бобурлар тили, шоирлар тили,девонлар тили.

“Қутадғу билиг” яратган Юсуф Хос Хожиблардек,

Луғатин турки соҳиби Махмуди Кош шохонлар тили.

Ҳор бўлмагайсиз иззатин қилинг бу тилни улус,

Негаки бу тил суронлар тили, Кушонлар тили.

Бизга шон берган, бизга жон берган, бизга ифтихор

Навоий сўзин сайқаллантирган инсонлар тили….